Америкалик олимлар HEPA-филтрли ҳаво тозалагичлардан 30 кун фойдаланиш 40 ёш ва ундан катта одамларда миянинг ижро функциялари ва ақлий мослашувчанлик билан боғлиқ вазифаларни бажариш тезлигини оширганини аниқлади. Тадқиқотда ҳаво тозалагич ишлаганда хонадаги майда заррачалар концентрацияси ўртача 5,2 дан 2,5 микрограмм/куб метрга тушган.

Ҳаводаги майда заррачалар миқдорини камайтириш нафақат юрак-қон томир тизими, балки инсоннинг айрим когнитив қобилиятларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Америкалик олимлар ўтказган тажриба HEPA-филтрли оддий ҳаво тозалагичдан бир ой фойдаланиш 40 ёш ва ундан катта иштирокчиларнинг айрим ақлий вазифаларни бажариш тезлигини сезиларли оширганини кўрсатди.

Инсон нафас олиш тизими 10 микрометрдан катта заррачаларни нисбатан яхши ушлаб қолади. Диаметри 2,5–10 микрометр бўлган заррачаларни тозалаш имконияти эса анча паст. PM2.5 деб аталадиган, диаметри 2,5 микрометр ва ундан кичик заррачалар эса ўпка орқали қон оқимига ўтиши мумкин.

Манбада қайд этилишича, бундай заррачалар тромбоцитларнинг ҳаддан ташқари фаоллашувига олиб келиши, натижада қон айланиши қийинлашиши, қон босими ва тромб ҳосил бўлиш хавфи ортиши мумкин. Майда заррачалар таъсири инфаркт ва инсульт хавфининг ошиши билан ҳам боғланади.

Олимларни эса бу сафар ҳаводаги микрозаррачаларнинг инсоннинг когнитив функцияларига — яъни фикрлаш, режалаштириш ва ўзгарувчан шароитда ҳаракатларни бошқариш қобилиятига таъсири қизиқтирган.

Тадқиқот иштирокчилари автомобиль йўлларидан 200 метргача масофада яшайдиган одамлар орасидан танланган. Бундан мақсад ҳавони тозалашнинг таъсирини аниқроқ кузатиш бўлган, чунки йўллардан узоқда яшайдиган одамлар нафас оладиган ҳавода майда заррачалар концентрацияси одатда пастроқ бўлади.

Тестлар сентябрдан апрелгача ўтказилган. Юрак-қон томир касалликларига эга одамлар ва вейп ишлатувчилар тадқиқотга киритилмаган.

Иштирокчилар икки гуруҳга ажратилган. Асосий гуруҳ хонадонларига ҳақиқий HEPA-филтрли ҳаво тозалагичлар, назорат гуруҳига эса ташқи кўринишидан шундай қурилмаларга ўхшайдиган, аммо ҳавони амалда тозаламайдиган қурилмалар ўрнатилган.

Ҳаво тозалагичлар фақат яшаш хоналарида ишлаган. Қурилмаларнинг ҳақиқатан ишлаган ёки ишламагани иштирокчиларнинг сўзларига эмас, махсус электрон қайд этувчи ускуналар маълумотларига асосан назорат қилинган.

Тажрибанинг бир босқичида 45 та хонадонда бир вақтнинг ўзида ишлайдиган ҳаво тозалагичлар бўлган. Кейинроқ статистик маълумотларни кўпайтириш учун гуруҳлар алмаштирилган: аввал ҳақиқий тозалагичдан фойдаланганларга имитация қурилмаси, назорат гуруҳига эса ҳақиқий ҳаво тозалагич берилган.