Англиянинг Кембриж университети олимлари инсон мияси ҳаёт давомида бир нечта аниқ босқичларни босиб ўтишини, асосий бурилиш нуқталари эса 9, 32, 66 ва 83 ёшда содир бўлишини аниқлади. Тадқиқот муаллифлари ушбу босқичларнинг ҳар бирида мия ҳолати ҳақидаги билимлар руҳий бузилишлар ва деменция сабабларини яхшироқ тушунишга ёрдам беришига умид қилмоқда.

Тадқиқотда 90 ёшгача бўлган 4 мингга яқин одам иштирок этди, олимлар уларнинг мия ҳужайралари ўртасидаги алоқалар қандай ишлашини аниқлаш учун миясини сканерлади.

Кембрижлик тадқиқотчилар мия тахминан 30 ёшга тўлмагунча ёшлик босқичида қолади деган хулосага келди - айнан шу ёш инсон танасининг гуллаб-яшнаши чўққиси ҳисобланади.

Янги билим ва тажрибалар орттирилган сари мия доимий равишда ўзгариб боради, аммо тадқиқот шуни кўрсатадики, бу туғилишдан ўлимгача бўлган бир текис жараён эмас.

Бунинг ўрнига мия фаолиятининг бешта босқичи мавжуд:

- Болалик даври - туғилгандан 9 ёшгача;

- Ўсмирлик даври - 9 ёшдан 32 ёшгача;

- Вояга етганлик - 32 ёшдан 66 ёшгача;

- Эрта қариш - 66 ёшдан 83 ёшгача;

- Кеч қариш - 83 ёшдан бошлаб.

«Мия бутун умр давомида қайта созланади. У доимо баъзи алоқаларни кучайтиради ва бошқаларини заифлаштиради ва бу доимий, бир текис жараён эмас - бу мияни қайта қуришнинг тебранишлари ва босқичлари», деди тадқиқот муаллифларидан бири, доктор Алекс Моусли.

Баъзи одамларда бу босқичлар эртароқ ёки кечроқ бошланади, аммо умуман олганда, тадқиқот иштирокчиларининг мия сканерларини ўрганишда айнан шундай ёш чегаралари энг кўп учрайди.

Мия фаолиятининг бешта фазаси

Болалик. Ушбу биринчи даврда мия тезда катталашади, лекин бир вақтнинг ўзида асаб ҳужайралари ўртасидаги ортиқча алоқаларни - ҳаётнинг бошида яратилган синапсларни «сийраклаштиради».

Бу босқичда мия унчалик самарали ишламайди. У боғда мақсадсиз сайр қилиб юрган ва А нуқтадан Б нуқтага тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланиш ўрнига хоҳлаган жойига борадиган боладек ҳаракат қилади.