Бундан 81 йил олдин, 1938 йилнинг 4 октябрь туни ўзбек романчилиги мактаби асосчиси Абдулла Қодирий қатл этилди. Уни қандай қатл қилишган эди? Унинг сўнгги илтижоси нима эди? Ziyouz портали асосчиси Давронбек Тожиалиев Facebook’даги саҳифасида шу ҳақда пост қолдирди.
Унда айтилишича, бу ҳақда адабиётшунос олим Умарали Норматов шундай ёзган:
"1938 йил 4 октябрь тунидаги воқеага шоҳид бўлган Миролим Миркомилов хотира-ҳикоясини сиз, азиз ўқувчиларга ҳавола қилишни лозим кўрдим.
Ўша ҳодиса шоҳиди Миролим Миркомилов – бешикчи уста ҳамда миришкор боғбон Қодирийнинг ашаддий мухлисларидан саналган, бир неча бор адибнинг Самарқанд дарвозада жойлашган боғ ҳовлисидаги гурунгларда иштирок этиб, унинг суҳбатларини тинглаган. Ўз навбатида, Қодирий ҳам бу одамнинг Бўзсув бўйидаги боғида меҳмон бўлган. Ёзувчи бошига тушган кўргиликларни эшитиб, ич-ичидан ўртаниб юрган кезлари, қарангки, бу садоқатли зот адибнинг умри поёни воқеаларининг шоҳиди бўлган.
Миролим Миркомилов, одатдагидек, ёз ойларини оиласи билан Бўзсув бўйидаги боғида, қиш кунларини эса шаҳар ҳовлисида ўтказарди. 1938 йилнинг эрта кузида оила аъзолари шаҳар ҳовлисига кўчиб ўтган, ҳали мева-чевалар охиригача йиғиб олинмаганлиги учун боғ ҳовлида танҳо ўзи қолган эди. Тунлар аёз. Бунинг устига бир ҳафтадирки, боғ ортидаги жарликда содир бўлаётган тунги нотинчликлар унга уйқу бермайди. Ярим тундан бошлаб, дам-бадам янграган ўқ овозлари, ўлимга маҳкум этилган шўрликларнинг оҳ-фиғонлари, ингроқлари, гоҳо калимаи шаҳодат садолари қулоғига чалинади, боғбонни безовта қилади. Энг сўнгги тун даҳшати ҳаммасидан ошиб тушади. Бора-бора боғ деворига яқинлашиб, ўн беш – йигирма одим нарида қоронғи тунда содир бўлаётган қотиллик жазаваси поёнида кутилмаган ҳодиса рўй беради. Бирин-кетин қисқа танаффуслар оша янграган ўқ овозлари, инграшлардан сўнг, девор ортидан боғбон қулоғига таниш овоз эшитилади: “Татармисан? Мусулмонмисан?” Боғбон бирдан ҳушёр тортади. “Бу ўзимизнинг Қодирий-ку!” дея, ичдан овозсиз ҳайқиради. (Эҳтимол, Қодирий командирнинг рус тилидаги татарчага хос оҳангдаги буйруқларидан унинг татар миллатига мансублигини сезиб, шундай савол бергандир?) Шу заҳоти, боғбон орани тўсиб турган пахса деворга яқинлашиб, девор тирқишидан мўралайди. Тунги ғира-ширада, бир-бирига рўпара турган командир билан маҳбусга кўзи тушади. Бояги саволга жавоб бўлмайди. “Сукут аломати ризо” нақлига амал қилиб маҳбус сўзида давом этади: “Командир ўғлон! Фляганг борми?” Яна жимлик. Маҳбус энди ундан илтижо қилади: “Худо ҳақи, умрим сўнггида, сендан биргина илтимосим – флягангни бериб тур. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқий. Бор-йўғи беш минут муддат бер…” Сўнгги илтижо ҳар қандай тош юракни ҳам эритиб юборадиган оҳангда айтилганидан боғбон ўзини қўярга жой тополмай қолади. Қолаверса, маҳбуснинг татарча лафзи, айтган сўзлари командирнинг тош юрагини юмшатди, шекилли, маҳбус ўтинчини индамайгина бажо келтиради. Асрга тенг ўша фиғону изтиробларга тўла дақиқалар қандай ўтганини боғбон умрининг охирига қадар эслаб, эзилиб юради. Сўнг яна ўша таниш, аммо бу гал мардона овоз эшитилади: “Отангга раҳмат, командир ўғлон! Мен тайёрман! Буйруғингни беравер!” У ёғи нима бўлганини боғбон билмайди. Бирдан янграган ўқ овози қулоғини кар қилади, ўша сўнгги ўқ ўзига теккандай, эсидан оғиб, девор ёнига қулаб тушади. Бир пайт ўзига келиб, кўз очиб қараса, тонг ёришиб қолибди. Ҳам тонгги аёздан, ҳам бояги кўргиликлар изтиробидан вужуди титраб, аранг ўрнидан туради. Таҳорат олиб, бомдод намози поёнида Қуръон тиловат қилиб, одатдагидек, бу кеча шаҳид кетганлар ҳақига бахшида этади.







