Бугун, 10 октябрь куни Олимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси томонидан Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш ҳамда уларга партиянинг аъзолик гувоҳномаларини топшириш тадбири ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири партия раҳбари Алишер Қодировдан сўнгги вақтларда кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлаётган – Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ёки қўшилмаслик масаласи, бу ташкилотнинг биз учун ўзига хос «минус» ва «плюс»лари, шунингдек, партиянинг бу борадаги тутган позицияси ҳақида кичик интервью олди.

— Алишер ака, дастлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақида гаплашсак, бу ташкилот ўз аъзоларига нима беради?

— Бу ташкилот ўз номи билан Евросиё иқтисодий иттифоқи ва ташкилотда иқтисодий масалалар бирламчи бўлиши керак. Ташкилот ўзининг бош ташаббускори – Россия Федерацияси ва унинг атрофидаги мамлакатларнинг (собиқ иттифоқ мамлакатлари) иқтисодий манфаатларини мувозанатлаштириш мақсадида ташкил қилинган. Лекин негадир, иқтисодий таҳлилчилар ва сиёсатчилар мазкур иттифоқни иқтисодийдан кўра, кўпроқ узоқ муддатли сиёсий мақсадларни кўзлаган иттифоққа ўхшатишади.

Келинг, очиқча гаплашайлик, Евросиё иқтисодий иттифоқи – номи билан иқтисодий бўлган, аммо ортида яширин сиёсий мақсадларни ҳам кўзда тутган ташкилот. Буни бугун ҳеч кимдан яшириб бўлмайди. Бундай ҳолатларни тарихда ўзбек халқи кўп бора бошидан ўтказган ва етарлича хулосалар қилиб олган, деб ўйлайман. 

— Тўғри айтасиз. Айрим иқтисодчиларимиз «Бу ташкилот фақат иқтисодий иттифоқ ва унга қўшилишдан хавотирга тушиш керак эмас», дейишмоқда. Лекин ҳар қандай иқтисодий алоқа аслида сиёсий-ку.

— Албатта, сиёсатга бориб тақалади. Ўзбекистон шу пайтгача икки томонлама алоқалар орқали ўз манфаатларини ҳимоя қилган. Бу ерда яна бир нарсани тан олиш керак, шу пайтга қадар бизда иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилишда парламентнинг роли жуда заиф бўлиб келган. Жуда кўп давлатларда иқтисодий манфаатлар кучли парламентлар ва парламентлараро муносабатлар орқали ҳимоя қилинади. Биздаги парламент ушбу масалаларда жуда заиф ҳаракат қилган.

Ҳозир бунга ўхшаш тузилмани фақат Европа Иттифоқи мисолида кўряпмиз. Европа Иттифоқининг эса бугунги кунда давлатлараро масалалардаги ҳолатини шахсан мен ижобий баҳоламайман. Масалан, Венгрия ва Польша билан боғлиқ масалалар. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар умумманфаатлар билан шахсий манфаатларни бир нуқтада кесиштира олишмаяпти. Демакки, номига иқтисодий ва туб моҳиятида сиёсий мақсадлар кўзланган иттифоқлар ўтаётган асримизда ўзини оқламади десак, менимча, хато бўлмайди.