Ўзбекистонда яқин вақт ичида қолипли нон (буханка)нинг нархи 1500 сўмга кўтарилади. Буларнинг барчаси дон ва ун нархларининг эркинлаштирилиши туфайли рўй беради, деб хабар қилмоқда Kun.uz манбаси.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши ҳукумат ва парламентга Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатнома билан чиқди. Йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг давлат томонидан қатъиян бошқарилиши ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалланинг бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиш тамойиллари асосида ҳал қилиниб келинди.

Натижада, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайиб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмади.

Шу билан бирга, арзон уннинг катта қисми амалда аҳолининг тегишли қатламларига етиб бормасдан бозор нархларида сотилди, яъни қўйилган мақсад – аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимояси таъминланмади. Ўз навбатида донни қайта ишлаш корхоналарида ва савдо ташкилотларида суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, мурожаат бўйича депутатлар томонидан жойларда ўтказилган ўрганишларда маҳаллий ун аҳолига қатъий ўрнатилган давлат нархларида етиб бормаётганлиги, аҳоли унни бозор нархларида сотиб олаётганлигини айтишган.

Фермерларнинг асосий даъвоси ҳозирги амалиётда дон тайёрлов корхоналари фермерлардан олган ғалласига нафақат ўз вақтида, балки баъзида тўлиқлигича ҳисоб-китоб қила олмаётганлигидан иборат. Бунинг натижасида фермерлар зиёнга кириб ишлаб, зарур техника ва комбайнларни сотиб ололмаётгани, техника етишмасликдан ҳосилни кеч, ушоқли донлар ярим тўкилиб кетгандан кейин ўриб олаётганлиги маълум бўлди.

Ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда, бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олмаяптилар. Бунинг сабаби дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килоси учун 1400 сўмдан, яъни Ҳукумат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотишлари билан изоҳлашмоқда. Дон корхоналари зарар кўраётгани сабабли, фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяптилар.

Уннинг таннархи 2200-2400 сўмни (биринчи нав уннинг килоси) ташкил этади, аммо «Ўздонмаҳсулот» давлат нархи туфайли уни 1400 сўмдан сотишга мажбур.