Асосий таътилнинг энг кам миқдорини ошириш, муддатли меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳомиладор аёлларни ишдан бўшатишга йўл қўймаслик – бу ва бошқа таклиф этилаётган янгиликлар Norma шарҳида тақдим этилди.

 Муҳокамага жойлаштирилган лойиҳада амалдаги Меҳнат кодексига (МК) нисбатан моддалар сони 2 баравар кўпроқдир: амалдагида 294 та ва лойиҳадагида 636 модда. Янги таҳрири 7 бўлим ва 34 бобдан иборат (амалдагида – 16).

 Тартибга солувчи янги блоклар киритилди

 Лойиҳада айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнати батафсил тартибга солинган:

• касаначилар, ўриндошлар, навбатчилик усулида ишловчилар, шунингдек мавсумий, вақтинча ва масофадан иш олиб борувчилар;

• айрим тармоқ ва касблардаги ходимлар: педагоглар, шифокорлар, транспорт ходимлари, спортчилар;

• ташкилот (шу жумладан унинг алоҳида таркибий бўлинмалари) раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтери;

• ногиронлиги бўлган шахслар;

• микрофирмалар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари, жисмоний шахслар (уйда ишловчилар);

• хорижий шахслар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

• ноқулай иш шароитларида, шунингдек ноқулай табиий-иқлим шароитларида банд бўлганлар.

 Бундан ташқари, қуйидагиларга бағишланган алоҳида бўлимлар киритилди:

• ходимларга оид шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва ҳимоялаш;

• ходимларга нисбатан хизмат текширувларини ўтказиш тартиби;

• жамоавий меҳнат низоларини ҳал этишда сўнгги чора сифатида иш ташлаш ўтказиш тартиб-таомиллари;

• меҳнат соҳасидаги ижтимоий ҳамкорлик;

• ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

• давлат меҳнат инспекцияси, касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, жамоатчилик назорати субъектларининг ушбу соҳадаги ваколатлари кўрсатилган ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ва кузатиш.