Ўтган сафар ҳам айтганимиздек, миллий жамоамиз ўйинидаги камчиликларни айнан Вадим Абрамов билан боғлаш тўғри эмас, чунки бу қадар қисқа муддатда мураббий тўлақонли равишда ўз жамоасини қура олмаслиги тушунарли. Бундай паллада юз фоизлик натижа қайд этилгани энг аҳамиятли жиҳат эди. Вазифа бажарилди.

Шу билан бирга, бундан кейин жамоа қайси фалсафа ва қадриятлар асосида тўп сурмоқчи экани, қандай ўйнашга ҳаракат қилаётгани ҳақида ҳам қисман баҳо бериш, мураббий чизгиларини пайқаш ҳам мумкин. Мен эса мана шу бошланғич нуқтада нималарга урғу бериш ва келажакда қандай муаммоларга дуч келишимиз мумкинлиги ҳақида фикр юритмоқчиман.

ҲИМОЯ

Аввало, айтиш керакки, қанотларда Алижонов ва Сайфиевга эга эканимиз катта ютуқдир. Яхши техника ва пасга эга бўлган, муҳими, жарима майдонига ёриб кира оладиган қанот ҳимоячилари – замонавий футболда жуда қадрланади. Агар ҳар икки қанот ҳам шундай футболчилардан ташкил топса, ҳар қандай жамоа потенциали кучли бўлиши бор гап. Бундай футболчилар билан ҳам қисқа, ҳам узун паслар ёрдамида самарали ҳаракат қилиш осон. Улар яримқанотдан (полуфланг) ҳам ёриб кириш, тўпни назорат қилишга қодир бўлишгани туфайли, жарима майдонида сон жиҳатидан устунлик қилиш имкони пайдо бўлади. Ёки ҳужум фронтини кенгайтириш орқали вингерларга зоналар очилади – ҳимоячи бутун қанот бўйлаб ўйнай олиши туфайли вингерлар керак бўлганда бемалол иккинчи ҳужумчи позициясига ўтиб олишади. Уч ҳимоячи билан ўйнаш эҳтиёжи пайдо бўлганда ҳам, бундай ҳимоячиларнинг салоҳияти қўл келади.

Ҳатто бой, топ-клублар ҳам доим мана шундай имкониятга эга бўлиши қийин. Чунки мазкур хислатларга эга ҳимоячини сотиб олганингиз билан, у шунчаки ҳимоячи эмас, ҳужум ташкил қилиш системасидаги муҳим фигура бўлиши талаб қилинади ва доим ҳам футболчи жамоага мос тушавермайди. «Барселона» Дани Алвешнинг ўрнини ҳали ҳам тўлдира олмади, Гвардиола Мендини, Почеттино Орьени айнан шу мақсадларда олиб келди, лекин жароҳатлар туфайли бу мураббийлар ҳам ҳали «орзу жамоаси»ни қура олишмаяпти. Ўз вақтида, Карвахал–Марсело жуфтлиги юқори спорт формасида эканида «Реал» Европанинг энг кучли жамоасига айланди. Ҳозир эса, фақат «Ливерпуль» мана шундай кучли қурол билан мақтана олади – Эндрю Робертсон ва Трент Александер-Арнольд.

Албатта, Алижонов–Сайфиев жуфтлигини ҳали юқори савияда синаб кўрмадик, лекин Абрамов ҳам айнан мана шу қуролдан фойдаланишни истаётгани кўриниб турибди. Лекин бундан самарали фойдаланиш, ҳужумкор ҳимоячилар жамоамизнинг ожиз нуқтаси бўлиб қолмаслиги, ҳимоя чизиғи буткул такомиллашиши кераклигини англатади. Ҳали кучли рақибларга қарши ўйнамадик, аммо Сингапур фонида ҳам ҳимоядаги тартибсизлик сезилгани хавотиримизни оширади. Малака жиҳатидан у қадар кучли бўлмаган сингапурликлар жуда оз ҳужум уюштиришди, шундай бўлса ҳам, ҳар бир ҳужумда ҳимоямизга саволлар пайдо бўлди. Агар бундай вазиятларни пайқайдиган ва ўз фойдасига ишлата оладиган кучли жамоалар билан ўйнасак, бу ҳолат каттароқ муаммолар келтириб чиқариши турган гап.