Евро-2020 саралаши доирасида Болгария ва Англия терма жамоалари ўртасида кечган учрашувда жиддий можаро келиб чиқди. Ўйин давомида мезбон мухлислар англияликларнинг қора танли футболчиларига нисбатан ирқчилик руҳидаги хатти-ҳаракатлар содир этишди ва икки марта ўйин тўхтатилди. Ўйиндан кейин матбуотда икки томон вакиллари ўртасида тортишув бошланиб кетди. Болгария футбол иттифоқи жиддий муаммолар ичида қолди.

14 октябрь куни Софиядаги «Васил Левски» стадионида 2020 йилги Европа чемпионати саралаши доирасида Англия ва Болгария терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди, ўйин инглизларнинг 6:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида, мезбонлар дарвозасига иккинчи гол урилганидан кейин ўйин болгариялик мухлисларнинг ҳаракатлари сабабли икки марта тўхтатиб қўйилди. Фанатлар нацистларга хос бўлган ҳайқириқларни айтишди, ҳуштакбозлик қилишди, Англия терма жамоасининг қора танли футболчилари - Раҳим Стерлинг ва Тайрон Мингзга (бу унинг Англия терма жамоасидаги дебют ўйини эди) қарата маймунча овоз билан бақиришди.

Бу ҳолатдан кейин инглизлар жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт ва футболчиларнинг ўзи ўйин ҳаками хорватиялик Иван Бебекка мурожаат қилишди.

Шундан кейин ҳам вазият ўзгармагач, УЕФА вакилига мурожаат қилинди. Ўйин сухандони фанатларга мурожаат қилиб, агар бу ҳолат давом этса, ўйин бутунлай тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Танаффус вақтида Болгария терма жамоаси сардори Ивелин Попов трибуна томонга бориб, мухлислардан ирқчилик қилмасликни сўради.

Бу орада трибуналарни қора ниқоб таққан, «ультрас» ва «София хулиганлари» ёзувлари туширилган либослар кийган 50 чоғли фанат тарк этишди. Иккинчи бўлимда бу каби жиддий ҳолатлар кузатилмади.

«Оддий бўлмаган вазиятда тўп суришга тўғри келди, 2019 йилда бундай ишлар бўлмаслиги керак», — дея қайд этди ўйиндан кейин инглизлар ҳужумчиси Маркус Рэшфорд. У шунингдек Поповнинг ишини эътироф этган.