Ўзбекистонда буйраги алмаштирилган беморлар сони 600 нафардан ортиқ. Улар иммунитетни пасайтирувчи дори воситаларини мунтазам қабул қилишлари керак ва бу дорилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул таъминланади.

Аммо жорий йил август ойидан бошлаб беморларга таклиф этилаётган «Ролиграф» дори воситасини кўпчилик қабул қилишни истамай, ўрнига шу пайтгача қўлланилиб келинган «Панграф» дориси берилишини талаб қилишмоқда.

Баҳс-мунозаралар бир неча ойдан бери давом этиб келмоқда. Бу орада беморлар бир неча марта вазирлик қошида тўпланиб, ўз норозиликларини намойиш қилишган, талабларини билдиришган.

Уларнинг сўзларига қулоқ тутилса, аксариятлари «Ролиграф» дори воситасини қабул қила бошлаганлари учун аҳволлари оғирлашганини айтадилар. Янги восита ўрнига шу пайтгача қабул қилиб келинган ва асоратларини билдирмаган «Панграф» дорисини беришларини сўрашяпти. Беморларнинг мутлақ кўпчилиги асоратлар ҳақида эшитишлари билан бу дорини ичишни тўхтатишган. Ичиб кўриб, натижасини кузатишга қўрқишган ҳам. Чунки улар кимнингдир буйраги билан ҳаёт кечираётган, ўз таъбирлари билан айтганда «нариги дунё остонасига бориб қайтган», ўз таналари устида таваккал қила олмайдиган инсонлар бўлиб, ҳар бир дорига ҳадик билан қарашларини тушуниш мумкин.

Бу масала бўйича мунозаралар кучая бориб, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда қатор чиқишлар бўлганидан кейин, ССВ биноси олдидаги бир неча марта йиғилишлардан сўнг вазирлик 7 октябрь куни қуйидагича расмий баёнот берди (қисқартирилди):

«Юртимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган ҳар бир дори воситасининг ҳар бир серияси сифат назоратидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати ҳам расмийлаштирилади.

Таъсир этувчи моддаси такролимус бўлган, таъсири жигар, буйрак ёки юрак аллотрансплантатлари ажралиши реакциясининг олдини олишда қўлланиладиган, бешта компания томонидан ишлаб чиқариладиган 5 савдо номидаги дори воситалари ҳамда тўртта компания томонидан ишлаб чиқариладиган, таъсир этувчи моддаси микофенолат мофетил сақловчи 4 савдо номидаги дори воситалари Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, тиббиёт амалиётида қўлланилишга рухсат этилган.