Эринмаган ҳам, пули бори ҳам шундай сунъий дўнгликларни ўрнатишади. Афсуски, уларга яқинлашар экансиз, бирорта огоҳлантирувчи белги йўқ, қолаверса, ҳар ким ўз билганича назоратсиз ўрнатгани боис, айримлари автомобилнинг ўтишига ҳам қийинчилик туғдиради.
Шундай вазият Наманган вилоятида ҳам кузатилди. Поп туманидан Тўрақўрғон туманига кетаверишда йўл қурувчилар деярли ҳар бир километр масофада шундай сунъий нотекисликларни, асфальтдан барпо қилишганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бундай ҳолат вилоятнинг Мингбулоқ туманида ҳам учрайди. Йўл четларида эса, ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар кўзга ташланмайди.
Республиканинг бошқа вилоят, туман ва шаҳарларида ҳам шу каби ҳолатга дуч келиш шубҳасиз. Умуман, айтиш мумкинки, Ўзбекистон бўйлаб сунъий нотекисликларни ҳар ким ўз билганича, мустақил равишда ўрнатишади. Уларни тадбиркорлар, фермерлар, маҳаллий аҳоли, айрим мулозимлар, қисқаси имконияти ва маблағи бор ҳар ким амалга оширади.
Савол туғилади: ушбу сунъий нотекисликларни ўрнатиш тартиби, уларнинг баландлиги ва бошқа жиҳатларини назарда тутувчи меъёрлар мавжудми? Бор бўлса, улар нималардан иборат?
ЎзР ИИВ Тошкент шаҳар ИИББ юқоридаги саволларга ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, “Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти” унитар корхонаси томонидан “Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар. Қўллаш тартиби” деб номланган Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти ишлаб чиқилган. Ушбу стандарт ГОСТ Р 52605 (РФ) асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Япония, АҚШ, Финляндия, Дания ва Швеция йўлларидаги овоз чиқарувчи йўлаклардан фойдаланиш тажрибаси ҳам инобатга олинган. Ҳужжат Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2019 йил 1 июлдаги №05-1046-сон қарори билан тасдиқланган.
Ҳужжатда термин ва таърифлар берилган, сунъий нотекисликларнинг турлари ва уларнинг техник талаблари кўрсатилган, шунингдек овоз чиқарувчи бўйлама йўлак таърифи, назорат усуллари, шу билан бирга сунъий нотекисликлари бўлган йўл ҳудудларини йўл ҳаракатини ташкил этиш техник воситалари билан жиҳозлаш ва уларни қўллаш қоидалари тақдим қилинган.
Ҳужжатга кўра, сунъий нотекислик – йўл қисмида йўл ўқига перпендикуляр тарзда жойлашган, тезликни мажбурий пасайтириш учун мўлжалланган махсус баландликлар.
Сунъий нотекисликлар (СН) транспорт воситалари тезлигини рухсат берилган 40 км/с кўрсаткичгача пасайтириш учун йўлларнинг алоҳида жойларда ўрнатилади.
СНнинг конструкцияси ишлаб чиқариш технологиясидан келиб чиққан ҳолда яхлит ва йиғма турларга бўлинади. СН узунлиги йўлнинг энидан калта бўлиши мумкин эмас (ҳар иккала томонда 0,2 метрдан ортиқ бўлмаган чекланиш бўлиши жоиз)


















