Менинг назаримда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиши, барча нуқталардан олиб қараганда, бугунги кунда ва жорий шароитларда, мақсадга мувофиқ эмас. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг бу иттифоққа кириши Россия Федерациясининг узоқ муддатли манфаатларига ҳам фойда келтирмайди, аксинча, зарар келтириш эҳтимоли катта.
Булар қайси нуқталар?
Биринчидан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозирги шароитда анча мўрт ҳолатда. Пост-совет ҳудудининг аксар барча давлатлари «шок терапияси» даврини, қатъий хусусийлаштириш ва бозор муносабатларини шакллантиришни ўтган асрнинг 90-йилларида ва қисман нолинчи йилларда ўтган бўлса, бизда бу ислоҳотлар энди бошланяпти. Ислом Каримов эҳтиёткор сиёсатчи сифатида барча жараёнларни назорат қилиш йўлини танлаганди.
Жумладан, валюта айирбошлаш ва нархлар сиёсатида ҳам. Натижада, Ўзбекистонда ижтимоий кайфиятни мувозанатда ушлаб туриш мақсадида чегаралар қаттиқ назорат қилинди. Товарлар оқими шундай ташкил қилиндики, биринчи галда Ўзбекистоннинг энг кам таъминланган аҳоли қатлами ҳам қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни бемалол истеъмол қилиши назарда тутилди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мустаҳкам оёққа турмади.
Агар бугун Ўзбекистон ЕОИИга қўшилса ва бу интеграция доирасида ўз чегараларини очиб, товарлар оқимини эркинлаштирса, 33 миллион киши яшайдиган Ўзбекистонда ижтимоий кайфият ўзгариши мумкин. Агар ЕОИИга кириш натижасида Ўзбекистонда ижтимоий зўриқишлар бошланадиган бўлса, бундай ҳолат ташкилотнинг глобал репутациясига ҳам катта зарба бўлиши мумкин. Натижада, ташкилотнинг асосий легитимлиги йўқолади, бошқа аъзо давлатларда ҳам бу ташкилотга қарши кайфиятлар оммавий сиёсий талаблар даражасига кўтарилади ва баъзи ҳукуматлар ташкилотдан чиқиш хоҳишини «ижтимоий зўриқишлар» сабаб расмийлаштиришига йўл очилади.
Иккинчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ЕОИИга аъзо давлатларга нисбатан заиф шаклланган. Россия, Қозоғистон ва Беларусь истиқодиёти, жон бошига улуши ва ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлиги билан Ўзбекистондан фарқланиб туради. Агар Ўзбекистон ЕОИИга қўшиладиган бўлса, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар рақобатни тўлалигича ушбу ташкилотга аъзо давлатларга ютқазиши мумкин. Йиллар давомида Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш, саноатлаштириш салоҳияти заифлашиб, йўқолиб боришидан хавотирлар бор.
Учинчидан, сўнгги беш йил давомида Россия ўзининг анча оғриқли геосиёсий ва иқтисодий даврини бошидан кечирмоқда. Бугунги кунда Россияга нисбатан халқаро ҳамжамият санкциялари мавжуд. Бу эса Россия иқтисодиётига салбий таъсир қилмоқда. Кейинги йилларда рублнинг қиймати икки марта қадрсизланди.





