Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди. Шу муносабат билан Kun.uz мазкур жараённинг бориши ҳамда партиялар фаолияти борасида батафсил фикрлашиш мақсадида Ўзбекистондаги мавжуд бешта сиёсий партиялар раҳбарлари билан суҳбатлар ташкил этмоқда. Навбатдаги суҳбатдошимиз Халқ демократик партияси раҳбари Улуғбек Иноятов.
— Немис сиёсатшуноси Клаус фон Бейме сиёсий партияларнинг устувор функциялари сифатида – ўз мақсадини аниқлаш, мафкурасини ишлаб чиқиш, ҳаракат дастури ва йўналишини белгилаш, жамоатчилик манфаатларини бирлаштириш, мамлакат бошқарув элитаси ва ҳукумат таркибини шакллантириш эканлигини айтган эди.
Улуғбек ака, бугун тан олиш керак, халқнинг ишончига эриша олмаётган сиёсий партиялар тизимида юқоридаги функциялардан қайси бири ёки қайсилари ишламаяпти?

— Ҳар қандай партия депутатлик корпусини шакллантириш жараёнида албатта, кўпроқ ўринларни эгаллашни мақсад қилади.
Аммо бизда депутатлар сайланиб бўлгандан кейин уларга партиянинг таъсири сусайиб боради. Яъни, биринчи босқичда номзодлар сайлангунига қадар жуда фаол бўлади, партия билан ҳамфикр ишлайди. Аммо сайловлар ўтгандан кейин бу боғлиқлик бироз узилади. Бунинг сабаби – парламент қўмиталарга бўлинади, кенгашлар бор, спикер бор. Бунда депутатлар мана шу қўмиталар, кенгашлар ва спикер таъсирига тушиб қолади. Партияга ва у ердаги вазифаларга эса иккинчи даражада қарай бошлайди.
Бундай ҳолатни вилоят ва туман кенгашларида ҳам кузатиш мумкин. Улар жамоатчилик асосида ишлайди ва мана шу вазифалар сабаб, партия кенгаши билан алоқалари тезда узилиб қолади.
Партия фаолияти сустлигига айнан мана шу жараённи сабаб сифатида кўрсатган бўлардим.
— Ғарб мамлакатларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистондаги сайлов жараёнида сиёсий мафкурадан кўра шахснинг ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Сайловчиларни биринчи навбатда номзоднинг кимлиги, ижтимоий ҳаётдаги мавқейи қизиқтиради. Сизнингча, бу шарққа хос менталитетми ёки партияларда ғояларнинг кучсизлигими?
















