Иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво кузатилади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Фақат айрим кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва 10–11 сентябр кунлари эса Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Ҳафта давомида ҳарорат фони кечалари +15…+20 даража, кундуз кунлари +32…+37 даража атрофида бўлади. Республиканинг шимоли-ғарбида кундузги ҳарорат +30…+33 даражадан +25…+28 даражагача бироз пасаяди.

7 ва 11 сентябр кунлари республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Шамол 7−12 метр/сония тезликда эсади, 8−10 сентябрда шимолда ва чўл ҳудудларда, 11 сентябрда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади.

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлди, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан кечалари +17…+20 даража бўлади, кундуз кунлари +32…+34 даражадан +35…+37 даражагача ўзгариб туради. Шамол шарқдан 3−8 метр/сония тезликда эсади.