“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Тегишли лойиҳа муҳокама учун эълон қилинди.
Қонуннинг 15-моддаси (Хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома) қуйидаги таҳрирдаги учинчи қисм билан тўлдирилади:
“Хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома ҳар бир хизмат тури бўйича алоҳида тузилади:
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича;
ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари бўйича”;
қуйидаги таҳрирдаги 15-1-модда билан тўлдирилади:
“15-1-модда. Шартномалар асосида Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш ва ахборот-маслаҳат хизматлари бўйича тўлов шартлари
Ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўлов миқдори хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасидаги ўзаро келишувга кўра белгиланади, бироқ қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробаридан ошмаслиги лозим.
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тўлов миқдори хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасидаги ўзаро келишувга кўра белгиланади, бироқ ишга жойлашган жойдаги хорижий иш берувчи томонидан тасдиқланган бир ойлик иш ҳақи миқдоридан ошмаслиги лозим.
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича шартнома имзолангандан сўнг иш қидираётган шахс 2 (икки) иш кун ичида жўнатувчи ташкилот хизматлари нархининг 15 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда олдиндан тўловни амалга оширади.
Тўланадиган тахминий тўлов миқдори хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасидаги ўзаро келишувга кўра белгиланади, бироқ қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баробаридан кўп бўлмаслиги лозим.
Хусусий бандлик агентлиги томонидан кўрсатилган хизматлар учун якуний ҳисоб-китоблар иш қидираётган шахс томонидан ишчи виза, меҳнат шартномаси лойиҳаси ёки чет эллик иш берувчи томонидан тақдим этилган ва ишга жойлашишни кафолатлайдиган бошқа ҳужжат тақдим этилгандан сўнг амалга оширилади.
Хорижда иш билан таъминлаш тўғрисидаги шартнома хусусий бандлик агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «labor-migration» дастурий таъминоти электрон базасида рўйхатдан ўтказилади”;















