Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили кўплаб ташкилот ва идоралар аксарият ҳолларда фақат йиғилишлар ўтказиш, амалий иш қолиб, қоғозбозлик билан шуғулланаётганини танқид қилган, бош вазир Абдулла Арипов ва ўша пайтдаги бош прокурорга ҳукумат, вазирлик-идоралар, ҳокимликларда мажлислар сонини кескин қисқартириш, кўриладиган масалаларга бевосита алоқаси бўлмаган давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва бошқа муассасалар раҳбарларини йиғилишга чақирмаслик ҳақида қатъий топшириқ берганди.
2018 йили эса Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида давлат раҳбари вилоятда мажлисбозликка бир йиллик мораторий жорий этилганини айтганди.
Шундан сўнг бош вазир Абдулла Арипов давлат органлари ва идоралари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига йиғилишлар график-режа асосида бўлиши, ҳафтасига 2-3тадан кўп мажлис ўтказилишига йўл қўймаслик, йиғилиш вақтини республика даражасида 2 соатдан, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида 1-1,5 соатдан оширмаслик, тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказишни қатъиян чеклаш ҳамда йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаганларни, шунингдек, олис ҳудуддаги раҳбар ва ходимларни маҳаллий ҳокимликларда ўтказиладиган мажлисларга асоссиз чақирмаслик бўйича кўрсатма берганди.
Бироқ ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга кўра, бу борадаги аҳвол ўзгармаган. Президент ва ҳукумат раҳбари томонидан берилган топшириқларга қарамай, давлат ташкилотларида, маҳаллий ҳокимликларда мажлисбозлик ҳамон давом этмоқда.
«Қўшним банкда ишлайди. Ҳар куни соат 23да уйига қайтади», деб ёзади Комил Аҳмедов.
«Ўзим ҳокимиятда ишлайман, охирги пайтлар ишни ташламоқчиман. Шу берадиган 2 млн. сўм ойлигини бошқа иш қилиб топарман, жонга тегди қулдек яшаш. Одатий кунларда эрталаб соат 7:30гача келамиз ва 22:00да чиқиб кетамиз. Шанба-якшанба кунлари ҳам шу аҳвол», дея мулоҳазаларини баён қилган Одилжон Самадов.
«Айниқса, оилали аёллар соат соат 19:00дан 22:00гача мажлисда ўтириб, кейин уйига келса, нима бўлишини биларсиз», деган Нўъмонжон Бегматов.













