ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар томонидан Сурияда ўтказилган ҳарбий амалиёт вақтида ўлдирилган. Бу ҳақда Fox News телеканали АҚШ маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорга таянган ҳолда хабар тарқатди.
Телеканал ҳарбий манбасининг сўзларига кўра, Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ бошчилигидаги ҳарбий кучлар томонидан ўтказилган махсус амалиёт вақтида «ИШИДнинг муҳим объекти» йўқ қилинган. Гап катта эҳтимол билан ал-Бағдодий ҳақида кетаётгани тусмол қилинмоқда. Бу маълумотни АҚШ президенти маъмуриятидаги бошқа бир манба ҳам тасдиқлаган.
ИШИД раҳбари ҳалок бўлгани ҳақида АҚШ Қуролли кучлари вакилига асосланган Newsweek, ўз манбасига асосланиб CNN ва Reuters ҳам хабар тарқатди.
Нашрларда ёзилишича, Пентагон «юқори ишонч билан» Оқ уйга 26 октябрь куни ўтказилган махсус амалиёт натижасида орасида ал-Бағдодий ҳам бўлган гуруҳ йўқ қилингани ҳақида маълумот етказган. Хабар қилинишича, президент бир ҳафта муқаддам шундай амалиёт ўтказилишини маъқуллаганди. Шунингдек, ҳужум вақтида террорчи ўзини портлатиб юборгани ҳақида ҳам айтилмоқда. Ҳозирча ҳужумга учраган террорчилар гуруҳида бўлганларнинг шахсини аниқлаштириш ишлари давом этмоқда.
Ироқ разведка хизматидаги манба ҳам Сурия ҳукумати уларни ал-Бағдодий ўлдирилгани ҳақида хабардор қилганини маълум қилди.
Бу хабарлар ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам твиттердаги саҳифасида «жуда муҳим воқеа» содир бўлгани ҳақида ёзди. Лекин у нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади. Оқ уй ҳам Америка президенти «муҳим баёнот» билан чиқиши кутилаётганини маълум қилган. Президентнинг бу чиқиши маҳаллий вақт билан соат 9:00га (Тошкент вақти билан соат 18:00) белгиланган.
Something very big has just happened!
— Donald J. Trump (@realDonaldTrump) October 27, 2019
Мўсулдан бери ҳеч ким уни кўрмаган
Ал-Бағдодий 2014 йилда Ироқнинг Мўсул шаҳридаги масжидда туриб Сурия ва Ироқ ҳудудида халифалик тузилганини эълон қилгач, ҳеч ким кўрмаган. Ўтган вақт давомида унинг оғир жароҳат олгани, ўлдирилгани ёки асирга олингани ҳақида кўп марта хабар тарқалган, аммо бу хабарларнинг бирортаси расман тасдиқланмаган.
2019 йил апрелида ИШИДнинг ташвиқот канали орқали Бағдодийга ўхшаш киши тасвирланган видеоролик тарқалганди. 2019 йил сентябрида эса унинг овози ёзилгани айтилган аудиоёзув тарқатилди.


















