АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленский энергетика сулҳига риоя қилиши ва Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни тўхатишига амин, деб ёзади Axios.

«Трамп қаттиқ ғазабланган. Унга Зеленский АҚШнинг ёрдамини одатий ҳолатдек (миннатдорчиликсиз) қабул қилаётгандек туюлмоқда», – деган Axios нашрининг Оқ уйдаги манбаси.

Ўз навбатида, Financial Times манбалари хабар беришича, агар Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни тўхтатмаса, АҚШ Украина билан разведка маълумотларини алмашишни тўхтатиш ва Европа давлатлари Киев учун Америка қуролларини сотиб оладиган PURL механизми фаолиятини тўхтатиш билан таҳдид қилган.

Агентлик суҳбатдошлари маълумотига кўра, сўнгги кунларда Киевга қилинган қўнғироқларда шундай талаблар қўйилган.

«Улар Киевга қўнғироқ қилишмоқда... улар [Европада] ҳаммага қўнғироқ қилишмоқда», - дейди АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили билан шу мавзуда гаплашган украин расмийси.

Агар нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар тўхтаса, кейинги қадам электр станциялари ва энергетика тармоқларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича келишув бўлиши мумкин.

Axios нашри нефтни қайта ишлаш объектларига зарбалар алмашинувини иккитомонлама тўхтатиш схемасида тенглик йўқлигига эътибор қаратган. Украинада фақат битта нефтни қайта ишлаш заводи бор ва у ҳам Россия ҳужумларидан кейин тўлиқ қувват билан ишламаяпти.

Россия ҳозирча энергетика сулҳини расман қабул қилмади. Axios нашри манбаси «россияликлар буни ўйлаб кўраётгани» ва «тез орада улар бунга қанчалик тайёрлиги» маълум бўлишини айтган.

  • Доналд Трамп 11 октябр куни Россия ва Украина энергетика соҳасида келишувга эришганини эълон қилганди. Украина президенти Володимир Зеленский Axios нашрига берган изоҳида Трампнинг сулҳ тўғрисидаги эълони ўзи учун «янгилик бўлгани»ни айтди.

  • Трамп 14 сентябр куни ҳам Россия ва Украина ўртасида энергетика сулҳи тузилганини айтиб чиққанди. Аммо ўшанда Россия ва Украина ўртасида энергетика объектлари бўйлаб зарбалар алмашинуви давом этганди.