2019 йил 26 октябрда Тошкентда UzAuto Motors Service & Trade-In Center янги севис ва савдо марказининг очилиши бўлиб ўтди. Марказнинг асосий ўзига хослиги – бу Trade-in тизими бўйича фойдаланилган автомобилни қўшимча пул тўлаш орқали янгисига алмаштириш имкониятидир. Бир савдо майдончасида бир неча дилерлар жамлангани эвазига, бу марказ харидорларга юрган автомобилларни сотиш ва сотиб олиш бўйича катта танлов имконини беради, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Trade-in амалиётининг жорий этилиши билан ўтказилган тантанали тадбирда таъкидланишича, республика президентининг “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ушбу тизим жорий этилмоқда. Ушбу дастур фойдаланилган автомобиль соҳибларига машиналарини автосалонда мутлақо янги автомобиль қийматига етмаган пулни тўлаш асосида алмаштириш имконини берса, минилган автомобиль олмоқчи бўлганлар эса, эски машинанинг «тоза» эканини кафолат билан олиш имконига эга бўлишади. 

Қайд этиш ўринлики, минилган автомобиллар соҳиблари техникаларини янгисига алмаштиришда топшираётган транспорт воситаларини қайта расмийлаштиришга харажатлардан озод қилинади.

 

Янги ва минилган автомобиллар учун мўлжалланган кенг савдо майдонларидан ташқари, UzAuto Motors Service & Trade-In Center сервис ва савдо марказида ўзининг таъмирлаш ва бўяш ангарлари ҳам бўлиб, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Дилерга Trade-In тизими орқали берилган юрилган автомобиллар шу ернинг ўзида диагностикадан ўтказилиб, зарур бўлса, таъмирланади, деталлари алмаштирилади ва бўялади. Автомобилларни тезкор ва сифатли таъмирлаш учун марказда энг замонавий жиҳозлар ва ишлаб чиқарувчидан эҳтиёт қисмларнинг катта омбори мавжуд. Шунингдек, марказ ҳудудида газ баллони жиҳозига хизмат кўрсатиш шохобчаси, замонавий ва кенг автоювиш нуқтаси ҳам бор.