Давлат харидлари тизими янада такомиллаштирилади. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “Хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3487-сон қарори иловасига мувофиқ рўйхати тасдиқланган, товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган ташкилотларнинг харидларини давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон жойлаштириш орқали амалга ошириш тартиби жорий этилиши мумкин.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар:

давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни, улар тузилган санадан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига жойлаштиради;

харидларни электрон давлат харидлари орқали корпоратив буюртмачилар учун қонун ҳужжатларида белгиланган мезонларга мувофиқ амалга оширишга ҳақли.

Корпоратив буюртмачилар, шу жумладан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари бўйича тўловларни амалга ошириш схемаси тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки Давлат статистика қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар корпоратив буюртмачилар, шу жумладан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари бўйича тўловлар мониторингини олиб бориш имконини берадиган электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ахборот тизимларининг интеграция қилинишини таъминлайди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб агар давлат харидлари бўйича танлов ва тендерда хорижий етказиб берувчилар билан бирга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар) иштирок этса, уларга 20 фоизгача миқдорда нарх имтиёзлари берилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар)га маҳсулотнинг сифати, технологик хусусиятларидан келиб чиқиб ва хизмат қилиш даврини инобатга олган ҳолда 20 фоизгача миқдорда нарх имтиёзлари бериш тартибини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади, бунда мазкур тартибнинг очиқ, шаффоф бўлишини таъминлайди.