Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида Конституция инсон ҳуқуқларига содиқликни эълон қилиб, демократияга садоқатни намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб қабул қилинганлиги кўрсатилган.

Шу йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайлов Ватанимиз янги тарихида ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бўлиб ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз келажаги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг суръати ва давомийлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар узвий, босқичма-босқич ва изчил, тадрижий равишда давом этмоқда. Энг муҳими Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ислоҳот йўналишлари ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, бир-бирини тақозо этади. Мисол учун, сайлов эркинлигини таъминламасдан туриб давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришни тасаввур қилиб бўлмайди. Ёки бўлмаса, сайловчиларнинг ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилинишини таъминламасдан, демократик сайлов тизимини яратиб бўлмайди.

Мамлакатимизда демократия ва инсон ҳуқуқларини, хусусан сайловга оид ҳуқуқларни таъминлашда халқаро стандартлар муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Сайловга оид халқаро стандартлар Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Парламентлараро иттифоқ, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) каби тузилмаларнинг бир қатор ҳужжатларида ўз ифодасини топган.

Сайловга оид муҳим қоидалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида (1948 йил), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда (1966 йил), Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида халқаро конвенцияда, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида БМТ декларациясида, Эркин ва адолатли сайлов принциплари тўғрисидаги декларациясида, ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати, МДҲга иштирок этувчи давлатларда демократик сайловлар, сайловга доир ҳуқуқлар ва эркинликлар стандартлари тўғрисидаги Конвенцияда мустаҳкамлаб қўйилган.

Қайд этиш жоизки, ўтган йиллар мобайнида миллий сайлов қонунчилигимиз ушбу халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4004-сонли Қарорида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштириш Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан биринчиси этиб белгиланган.