Бугун, 2 ноябрь куни «Ўзбеккино» миллий агентлигида Бадиий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири хабар беришича, унда «Ўзбеккино» томонидан давлат буюртмасига асосан суратга олинган бадиий фильмларнинг давлат ва нодавлат телеканалларидаги намойиши масаласи муҳокама қилинган.

Йиғилишда жумладан, хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда давлат ва нодавлат телеканаллари орқали намойиш этиш, агентлик ва фильм муаллифлари билан келишилмаган ҳолда айрим муҳим эпизодларни кесиб ташланаётганлиги кескин танқид қилинди.
Хусусан, «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори ўринбосари, йиғилиш олиб борувчиси Шуҳрат Ризаевнинг айтишича, сўнгги вақтларда шунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан кинорежиссёр ва ижодкорларнинг эътирозлари ҳам ортиб бормоқда.
«Давлат ва нодавлат телеканалларимизда муаллифлик ҳуқуқи тушунчаси шунчалик қадрсизки, улар киноижодкорлар томонидан ойлар, йиллар давомида тер тўкиб ишланган фильмларни истаганича, хоҳлаган жойидан қирқиб эфирга бераверади.
Бирорта фильмни кўрмаймизки, у тўлиқ эфирга берилган бўлса. Йўқ, албатта қаеригадир қайчи уришади, қаеринидир олиб ташлашади ёки титрларни кесишади.
Мана шундай қисқартиришлар, кесишлар туфайли фильмларимизнинг ғоявий ва бадиий савиясига путур етмоқда.
Шунингдек, давлат ва нодавлат телеканалларида намойиш этилаётган фильмларнинг (мультфильмлар, ҳужжатли фильмлар ва рангли фильмлар) айримлари муайян шартнома асосида берилгандир, аммо кўпчилиги соф қароқчилик йўсинида фойдаланилмоқда», дейди у.

Мавзу юзасидан сўз олган кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов фикрича, «Ўзбеккино» томонидан тасдиқланган ва давлатнинг мулки бўлган фильмларнинг қўпол равишда кесиб ташланиши – кулгили мантиқсизликдир.
«Бирор фильмим йўқки, у кесилмаган бўлса, ҳатто «Ватан»дан ҳам кўплаб эпизодларни кесиб ташлашди.
Яқинда очилган Ўзбекистон тарихи телеканалида «Берлин-Оққўрғон» фильмим намойишини кўриб рости, йиғладим. Биласизми, фильмнинг бор мазмунини очиб берадиган кадрлар йўқ.


















