Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Президент уй-жойлар нархи ошиб кетмаслигини таъминлаш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 октябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда уйлар нархини тушириш ва сифатини ошириш учун инновацион қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

«Ҳисоб-китобларга кўра, халқимиз эҳтиёжини тўла қондириш учун ҳар йили 145 минг хонадондан иборат уйлар қуриш керак. Бунинг учун эса қарийб 30 триллион сўм зарур бўлади. Бу маблағ эса давлат бюджетининг 23 фоизидан зиёдини ташкил этади.

«Масалан, ғишт ўрнига газобетон ва пенобетондан фойдаланилса, ишлаб чиқаришда газ сарфи 8 баравар камаяди ҳамда иссиқлик сақлаш 5 баравар ошади», деган президент.

Йғилиш давомида Шавкат Мирзиёев уй-жойга муҳтож оилаларни танлаб олишда таниш-билишчиликка йўл қўйилаётганини қоралади. 

Қурилиш соҳасида ҳам рақобат ва сифат бўлиши учун буюртмачи функцияси «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясидан босқичма-босқич хусусий секторга ўтказилиши белгиланди.

Янги тизимга мувофиқ, кўп қаватли уй-жой қурилиши тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади. Давлат томонидан ер ва ипотека кредити учун банкларга маблағ ажратилади. Уй-жойлар нархининг ошиб кетмаслиги ва ҳамёнбоп бўлишини таъминлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилади.

Ким бош вазир бўлади?