Ўзбекистон | 15:18 / 05.11.2019
9823
3 дақиқада ўқилади

«Маънавият фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилди

Ўзбекистонда «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилди. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг «Маънавият фидойиси» кўкрак нишонини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами арафасида топшириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Белгилаб қўйилишича, «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони билан мукофотлаш Республика Маънавият ва маърифат марказининг қарори асосида амалга оширилади.

«Маънавият фидойиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан республикада маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасида фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Ҳудудий давлат органлари, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари ҳар йили 1 июнга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишлича Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига тақдим этади.

Республика давлат органлари, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари ҳар йили 1 июнга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Республика Маънавият ва маърифат марказига тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида у томонидан жамиятда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар тақдим этилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Бирйўла тўланадиган пул мукофоти Марказнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади. 

Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

Мавзуга оид