Мурожаат бўйича Андижон вилоят Избоскан тумани «Беш-Терак» маҳалласида бўлдик.

Маҳалланинг Камолиддин Беҳзод кўчасида 45та хонадон истиқомат қилади. Ҳудудга етиб борганимизда ўз дардини айтгани маҳалла вакилларининг бир гуруҳи тўпланди.

«Бештерак» аҳли ўн йиллардан бери электр энергияси таъминотидаги муаммолардан қийналиб яшамоқда. Аҳоли вакиллари бирин-кетин арз қила бошлашди.

«Маҳалламиз узоқ йиллардан бери «Водхоз»га қарашли бўлган эски трансформатордан фойдаланиб келар эди. 2016 йил қиш пайтида бу ускуна катта кучланиш ҳисобига ишдан чиқиб, ёниб кетди. Ўшанда уч ой токсиз яшаган эдик. Аҳволимизни тушунган маҳалла ёнига жойлашган 7-умумтаълим мактаб директори, ўқувчиларнинг уйда дарс тайёрлаши учун муассаса ҳудудидаги трансформатордан уланишига рухсат берган. Мана уч йилдирки, мактаб трансформаторидан фойдаланиб келамиз. Лекин, бу ускунанинг қуввати ўта паст.

Токнинг кучсизлигидан музлатгич, кир ювиш машинаси, кондиционер, чангюткич, дазмол, «Тефал» (сувқайнатгич) каби маиший жиҳозларни ишлата олмаймиз. Кундузи туш пайтида электр қуввати сал кўтарилганида дазмол қизийди. Шунда кийимларимизни текислаб оламиз. Маҳаллага ичимлик суви тизими тортилмагани сабабли, ўзимиз кавлаган сув қудуқларидан фойдаланамиз. Қудуқдан сувни тортиш учун қўйилган «мотор»ларимиз ҳам электр қуввати пастлигидан ишламайди. Симёғочларимиз қўлбола. Жуда қийналиб кетдик.

Шу йил август ойида ишчи гуруҳи маҳалламизга келиб, ҳолатни ўрганди. Улар «Янги трансформатор қўямиз. Янги ҳаво линияси тортамиз, симёғочлар яқинидаги барча теракларни кесинглар!», дея ваъда беришганида роса қувондик. Мен уйма-уй юриб ҳар бир хонадонга айтиб, теракларни кестирган эдим. Мана ноябрь ойи келди, ҳали иш бошлашгани йўқ. «Теракларни кесинглар» деганим учун, ҳамма мендан хафа. Туман «электросет»га ўн мартадан кўпроқ бордим. Фойдаси йўқ», дейди Ғолибжон Мўминов.