Грузияда аҳоли давлат хизматларидан фойдаланиш учун Public Service Hall ─ Адлия уйига мурожаат қилади. Бу – Ўзбекистонда ягона дарча формати асосида ишловчи Давлат хизматлари агентлигининг грузинча муқобили. Фақат ундаги хизмат кўрсатиш механизмлари сифат ва шакл нуқтайи назаридан фарқ қилади.

tourister. ru

Kun.uz мухбири Грузия Адлия уйининг пойтахт Тбилисида жойлашган филиалидаги иш жараёни билан танишди.

Бир жойнинг ўзида 450дан зиёд хизмат

Адлия уйи бир қатор давлат хизматларини бир бинода кўрсатишни мақсад қилади. Бу идорада Грузия нотариуслар палатаси, Оммавий реестр миллий агентлиги, Фуқаролик реестри агентлиги, Миллий архив, Ижро бўйича миллий бюро каби органлар жамланган.

Битта бинонинг ўзида суғурта, мол-мулкни расмийлаштириш, архивдан фойдаланиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, фуқаролик олиш, нотариал хизматлар, олди-сотди каби жами 450дан зиёд давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Тбилисидаги марказнинг ўзида бир кунда ўртача 10 минг мурожаатчига, бутун мамлакат бўйича жами 25 мингга яқин фуқарога турли шаклда хизмат кўрсатилади. Адлия уйининг битта филиалида 300 нафаргача персонал фаолият кўрсатади. Хизмат туридан келиб чиққан ҳолда улар бепул ёки муайян тўлов асосида бўлиши мумкин. Хизматлар грузин, рус ва инглиз тилларида кўрсатилади.

Минимум вақт сарфи, максимал сифат

Адлия уйларида вақт сарфини минималлаштириш, оперативликка катта эътибор қаратилган. Мижоз уч хил форматда хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш. Self-servicе кабиналарида мижозлар автоматлаштирилган тизимдан мустақил тарзда фойдаланиб, керакли амалларни ўзлари бажариши мумкин. Масалан, паспорт учун биометрик фото, пул ўтказмаларини қабул қилиш, масофавий тўловларни амалга ошириш каби ишларни мижознинг ўзи бажариши мумкин.