Спорт | 16:45 / 13.11.2019
12518
3 дақиқада ўқилади

Вадим Абрамов: «Саудия Арабистони билан ўйиндан кейин ҳам пешқадамликни сақлаб қолишимиз керак»

ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Ўзбекистон - Саудия Арабистони учрашувидан олдин матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирнинг дастлабки қисмида миллий жамоамиз бош мураббий Вадим Абрамов ва жамоа сардори Одил Аҳмедов иштирок этди.

- «Эртанги баҳс жуда ҳам муҳим ўйин ҳисобланади. Ўйлайманки, йўлланма учун кураш гуруҳдаги айнан ушбу икки жамоа ўртасида кечади. Ҳозирча омадимиз келаяпти, биз пешқадаммиз, эртага ҳам ўз ўрнимизни сақлаб қолишимиз керак. Саудия Арабистони жиддий ва ҳурматга сазовор рақиб. Ўйинга муносиб тайёгарлик кўрдик, умид қиламанки, эртага омад биз томонда бўлади» - дея сўз бошлади Вадим Карленович.

- Ўтган йиғин олдидан руҳий босим сабаб Лутфулла Тўраевга жавоб бериб юборилганди. Бу сафар у билан руҳшунослар иш олиб боришдими, Лутфулла ўйинга тайёрми?

- Умуман олганда, Лутфулла Тўраев Қирғизистонга қарши ўйинда ёмон таассурот қолдирмади. Ўйинни бузиб қўйгани йўқ. У тажрибали футболчи, терма жамоадаги ёшларга ўрнак бўла олади.

- Рақиб бош мураббийи Эрве Ренар ушбу саралаш цикли бошида Саудия Арабистони терма жамоасида иш бошлади. Рақибни ўрганиш жараёнида у ўз услубини терма жамоага сингдира олганига гувоҳ бўлдингизми?

- Мен бу жамоанинг натижаларини кузатиб борганим йўқ. Фикримча, бу саволни саудиялик журналистларга бериш керак. У Африка терма жамоаларида муваффақиятли ишлаганидан хабарим бор. Уни тажрибали мутахассис сифатида биламиз. У ўз услубини қай даража сингдира олганлигини эртанги ўйинда билиб оламиз.

- Эртага Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бирига қарши ўйнаймиз. Ҳимоя панд бериб қўймасмикин?

- Биз ўз камчиликларимизни биламиз, аммо қисқа вақт ичида барча муаммоларга барҳам бериш қийин. Камчиликларимизнинг қай даражада кўриниши рақиб жамоанинг ҳам савиясига боғлиқ. Эртанги ўйин олдидан муаммо ва камчиликлар ҳақида гапиришни истамаймиз. Муҳим баҳсни ўтказиб олайлик, кейин қандай муаммолар бартараф этилганлиги ҳақида гапириш мумкин.

- Сардор Рашидов ўз клуби сафида яна иккита гол урди. Уни терма жамоамизнинг кейинги йиғинларига чақирасизми?

- Тўғри, Сардор Рашидов ўз клубида голлар урмоқда, аммо у ҳали ўз клубида тўлиқ мослашиб олиб, ўзини кўрсатишда давом этиши керак. Ахир ҳамма гол урганларни чақира олмаймиз. Биз Сардор учун жуда хурсандмиз. Бу иккита баҳсдан сўнг катта танаффус бўлади. Шундан кейин балки уни чақиришимиз мумкин, аммо ҳозир уни захирада ўтириши учун чақира олмаймиз.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид