Ўзбекистон | 10:15 / 14.11.2019
6095
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умрзоқов: «Туризм иқтисодий ўсиш, иш ўринлари ва бизнес учун кучли воситага айланиши керак» 

Тошкентда Осиё тараққиёт банки ва Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг (МОМИҲ) вазирлар даражасидаги конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов сўзга чиқди.

Унинг сўзларига кўра, туризм соҳасига хусусий секторнинг жалб этилиши муҳим аҳамиятга эгадир.

«Туризм барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, иш ўринлари ва бизнес учун имкониятлар яратишда кучли воситага айланиши керак. Туризм соҳасига инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитларнинг яратилиши, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга», - деди инвестициялар ва ташқи савдо вазири.

Конференция давомида иштирокчилар томонидан МОМИҲ 2030 Транспорт стратегияси ва МОМИҲ 2030 Энергия стратегияси тасдиқланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, МОМИҲнинг асосий мақсади тўртта устувор соҳада, жумладан, транспорт инфратузилмаси, божхона ҳамкорлиги, савдо сиёсати ва энергетика соҳасида минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш орқали Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишдир.

Мавзуга оид