Соғлиқни сақлаш вазирлиги пишириқлар ичидан таблеткалар чиқаётгани ҳақидаги хабарлар бўйича изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда кекс ёки шунга ўхшаш ширин пишириқлар ичидан таблеткалар чиқаётганлиги, уни истеъмол қилганларда фалажлик ҳолатлари келиб чиқаётганлиги тўғрисида видеохабарлар тарқалганди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган ишлаб чиқарилган манзили аниқ бўлмаган кекс ёки шунга ўхшаш ширин пишириқлар ичидан номаълум таркибли таблеткалар чиқаётганлиги, уни истеъмол қилганларда фалажлик ҳолатлари келиб чиқаётганлиги тўғрисидаги видеохабарлар бўйича изоҳ берди.
“Аввало, аҳолидан бу каби асосланмаган хабарларга ишонмасликларини, бу борада умуман хавотирга ўрин йўқ эканини алоҳида таъкидламоқчимиз”, дейилади вазирлик томонидан.
– Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ёки хориждан республика ҳудудига олиб кириладиган ҳар қандай турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, кекс ва шунга ўхшаш ширин пишириқларни хавфсизлигини кафолатлаш учун маҳсулот олиб келган тадбиркор мурожаатига асосан санитария врачи жойига чиқиб, маҳсулот сифати, уни сақлаш шароити, олиб келинган автотранспорт ҳолатини тўлиқ ўрганади. Маҳсулотдан санитария-кимёвий, микробиологик, радиологик текширувлар учун намуналар олиниб, тегишли лабораторияларга топширилади. Таҳлил натижалари амалдаги санитария меъёр ва қоидаларга тўлиқ жавоб берган тақдирда санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштирилиб, маҳсулотнинг хавфсизлигини кафолатлайди, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.
Таъкидланишича, 2019 йил 15 ноябрь ҳолатига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги шифохоналарга юқоридаги каби маҳсулотлар билан заҳарланиш ёки касаллик аломатлари билан аҳоли томонидан ҳеч қандай мурожаатлар бўлмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига ҳам маълумотлар келиб тушмаган.
“Бундай асосланмаган хабарларга ишониб саросимага тушмаслигингизни, шудай ҳолатларни эшитсангиз ёки гувоҳи бўлсангиз зудлик билан ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига ҳамда 71 276-59-28 рақамли ишонч телефони орқали Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади вазирлик томонидан.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024