Сўнгги икки йил ичида биз пойтахтда кенг кўламли ўзгаришларни кузатмоқдамиз. Тошкент бу ҳажмдаги қурилиш ишларини кўпдан бери кўрмаган. Бу ҳақда бозор иштирокчиларининг фикри қандай? Ахир кўчмас мулк соҳасида сотиш ва харидлар масаласи кўпчиликни қизиқтириши аниқ. 

Кўчмас мулкка ихтисослашган Uybor.uz сайти бинокорлар ва риэлторлар ўртасида Тошкент кўчмас мулк бозори ҳолати юзасидан кичик сўровнома ўтказди.

2019 йилда янги қурилган уйларга талаб қандай бўлди?

Бурхон Ишанкулов  (Dream House девелоперлик компанияси директори): 2018 йилга нисбатан олсак, 2019 йилда қурувчилар ва янги уйлар сони ортди. Харидорлар талаби барқарор сақланиб турибди.

Александр Жигастов (Grand Capital Group девелоперлик компанияси сотув бўлими бошлиғи): Ҳеч шубҳасиз, жорий йилнинг биринчи квартали анча динамик кечди, қўнғироқлар кўп бўлди – демак бунинг ортидан идорамизга харидордар ташрифи ҳам кўпайди. Иккинчи ва учинчи кварталларда сусайиш кузатилди. Аммо тўртинчи кварталга келиб талаб сезиларли даражада ошди.

Мурод Назаров (Murad Buildings девелоперлик компанияси соҳиби ва рахбари): 2019 йилда талаб ҳам, таклиф ҳам ошди. Соҳада рақобат кучайди, яъни таклифлар етарли. Бунинг ижобий томони шуки, қурилишлар, қурувчилар кўпайди, рақобат эса соҳа вакилларини кучайтиради, уларга нисбатан талабни оширади. Салбий томони, қурилиш қилиш осонлашди, бу бизнесга соҳага оид тажрибаси бўлмаган инсонлар ҳам кириб келаётгани тўғрисидаги шубҳалар туғилди. Айниқса айрим компанияларнинг нафақат тарихи, балки молиявий имкониятлари ҳам йўқлиги ажаабланарли, бу анча хавотирларга сабаб бўлади.