Жорий йилнинг 14 август куни Kun.uz ходимлари Олмазор туман ҳокимлиги биноси ҳудудида журналистик фаолиятини олиб бораётганида туман ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тўсқинлигига учраган, амалдор мухбирга ҳамла қилиб, техник ускуналарга шикаст етказганди.

15 август куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сайт мухбирларини шаҳар ҳокимлиги биносига таклиф этди.

Шаҳар ҳокими, мухбирлар, шаҳар ҳокимлиги ходимлари иштирокида кечган учрашувда айтилган гаплар сайт мухбири томонидан ёзиб олинганди.

16 ноябрь куни интернетда сайт таҳририяти раҳбарияти иштирокисиз ушбу аудиоёзувдан юлиб олинган парчалар бирлаштирилган ҳолда тарқалиб кетди.

Таҳририят холислик нуқтайи назаридан ҳоким билан ўша учрашув ҳақида нисбатан тўлиқ картина ҳосил бўлиши учун аудиоёзувни нисбатан тўлиқ ҳолда келтиради. Бу – қарийб бир соат давом этган мулоқотнинг бир қисми бўлиб, асосий сўзлар шу қисмда янграган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз сўзини бугунги кун журналистларини танқид қилиш билан бошлаган.

«Бизнинг давримизда битта нарсага ишонардик, ҳамма эргашарди, ишонарди. Битта иш бўларди, йўл қурилган, Фарғона канали қурилган, катта-катта ишлар бўлган. Мажбурий меҳнат, ҳашар. Бу қадриятимиз-ку бизнинг. Ота-онамизга хизматниям эртага мажбурият дейди булар.

Қадриятни йўқотдик-ку. Қадриятни йўқотдик-ку? Ота-онамизга хизматниям эртага мажбурият дейди. Қани энди ҳашар? Қани? Итам думи билан тозалаб ўтиради эшигини тегини. Энди кўчаси тугул, уйининг олдини тозалата олмаяпмиз-ку болам?

Қадриятимизни йўқотдик-ку! Ким қилди буни? Сиз қилдингиз. У ерга бориб микрофон тутади, мажбурий меҳнат деб, бу мактабга боради...

Ўзимизнинг мактабимизда қорни ўзимиз курардик-ку, партани краскалардик, эшикни краскалардик, қабристонни тозалардик. Қани булар? Ким қилди буни? Ўзимизнинг ичимиздаги ўзбек, итнинг боллари қилди. Қадриятни билмаган.

Эртага, айтяпман-ку, худди Америкага ўхшаб, Англияга ўхшаб «дада, мени уришманг, ҳаққингиз йўқ» дейди. Қилади шу кетишда бўлса...

Динда ёзиб қўйилган, бировнинг қайғусининг устидан пул ишлаш, фойда топиш ҳақида нима дейилган... Мана, сиз биласиз, тўғрими, бу маънавият...