Иқтисодиёт | 10:55 / 21.11.2019
5072
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар фойда солиғини маҳаллий бюджетларда ҳам қолдирмоқчи

Парламент қуйи палатасининг барча қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокамада бобма-боб, моддама-модда кўриб чиқилмоқда.

Қонунчилик палатаси сайтида хабар қилинишича, қонун лойиҳасига бир қатор зарур ўзгаришлар ҳам киритилмоқда. Депутатлар томонидан илгари сурилган таклифга кўра, қонун лойиҳасининг 19-моддасига қўшимча равишда маҳаллий бюджетларга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг бир қисми алоҳида йирик солиқ тўловчилардан ва Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, шунингдек, тўлов манбасида ушлаб қолинадиган норезидентлар даромадларидан ташқари, 50 фоизини қолдириш нормасини киритиш таклиф этилмоқда.

Билдирилишича, бу маҳаллий ҳокимликлар томонидан янги корхоналарни ташкил этиш ҳамда иқтисодиётни ривожлантириш орқали солиққа тортиш базасини кенгайтиришга ва бюджетга тушадиган тушумларни кўпайтиришга бўлган қизиқишни янада оширади.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасини пишитиш жараёнида депутатлар томонидан кўтарилган бу каби таклиф ва мулоҳазаларнинг аксарияти инобатга олинмоқда.

ДСҚ фойда солиғи бўйича қўшимча ҳисобланган ва ундирилган солиқлар сабабини маълум қилди

Мавзуга оид