Ўзбекистон | 11:15 / 21.11.2019
2303
2 дақиқада ўқилади

Италия Ўзбекистонга ГМО бўйича лаборатория тадқиқотлари тизимини жорий этишда кўмак беради

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси расмий ташриф билан Италия давлатида бўлиб турибди.

Сенат ахборот хизматига кўра, делегация аъзолари “Паблисис Групп” компанияси билан ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

Учрашувда компания президенти Анжело Байоччи Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясида алоҳида ўрин тутувчи бой маданий-маънавий меросига алоҳида урғу бериб, бу борада Ғарб ва Осиё давлатлари бўйлаб кенг тарғибот ишларини (ребрендинг) ўтказиш таклифини билдирди. 

У мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш ва нуфузини оширишда дунёнинг етакчи ОАВлари ва йирик медиа тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш масалаларида “Паблисис Групп” компанияси ҳар қандай кўмакка тайёр экани таъкидланди.

Бундан ташқари, делегация аъзолари “Ин3акт” компанияси таъсисчиси ва бошқарувчиси Давид Ронкальони билан учрашдилар.

Муҳокамалар чоғида томонлар Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларида ўзаро фикр алмашдилар.

Давид Ронкальони Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаш ва экспортни тарғиб қилиш, бунинг учун тақиқланган кимёвий ва генетик модификацияланган организмлардан (ГМО) маҳсулотларнинг “тозалигини” тасдиқловчи мураккаб босқичли лаборатория тадқиқотлари тизимини жорий этишда ҳамкорликка шай эканини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш юзасидан “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда келишилган мақсадларни амалга ошириш борасида бор куч ва салоҳиятларини сафарбар этишга келишиб олинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид