Тошкент шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ташкил этиляпти.
Президент томонидан имзоланган қарорга кўра, Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Беларусь миллий техника университети, Республика касб-ҳунар таълими институти (Беларусь Республикаси) ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Тошкент шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Институтнинг асосий фаолият йўналишлари ва вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
халқаро таълим стандартларига мувофиқ, шу жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида республика саноат тармоқларининг энг муҳим илмий-ишлаб чиқариш масалаларини ҳал эта оладиган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тайёрлаш;
олий ва касб-ҳунар таълимининг замонавий таълим дастурлари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини татбиқ этиш;
бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига мувофиқ янги ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратиш орқали ўқув-услубий ишлар сифати ва даражасини ошириш;
таълим ва фаннинг узлуксизлиги ва узвийлиги ҳамда жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
илмий-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва таълим усулларини фаол такомиллаштириш;
ишлаб чиқариш тизимларида тежамкорлик, ишончлилик ва барқарор фаолиятни оширишга йўналтирилган, машинасозлик, механика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, биотехнология, метрология ва стандартлаштириш ҳамда саноат ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқларида илмий тадқиқотлар ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграцияси учун шароитлар яратиш;

















