Жамият | 12:18 / 23.11.2019
110752
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда мудҳиш ЙТҲ: 4 киши воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди

Фото: Тергов департаменти

Жиззах вилоятида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Epica автомашинаси «Камаз» юк машинаси орқасига келиб урилган.

2019 йил 23 ноябрь куни тахминан соат 03:00ларда 22 ёшли Р.Н. 4 нафар йўловчиси бўлган Epica русумли транспорт воситасини Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани Нурафшон МФЙ ҳудудидан ўтган «Тошкент-Термиз М-39 йўли»нинг 977-км.да Термиз йўналиши бўйича бошқариб кетаётиб, шу йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган 43 ёшли Й.П. бошқарувида бўлган «Камаз-53212» русумли юк машинасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Оқибатда Epica ҳайдовчиси Р.Н., йўловчилар 58 ёшли Р.Д. ва 26 ёшли Г.А.лар ҳамда 1 нафар эркак жинсли 25-30 ёшдаги фуқаро (шахси аниқланмоқда) ҳодиса жойида вафот этган. Яна бир йўловчи 26 ёшли М.М. эса турли тан жароҳатлари билан РШТИЁМ Жиззах филиали травматология бўлимига ётқизилган. «Камаз» ҳайдовчиси жароҳат олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 23 ноябрь куни Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан (одамлар ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид