Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Л.Тўраевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоят ФВБ аҳоли ва ҳудудларни куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ҳар куни аҳолини турли вазиятлардан огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш, шунингдек, тарғибот-ташвиқот ва тушунчалар бериш билан биргаликда аҳоли хонадонларига уйма-уй кириб ўзларининг амалий ёрдамларини кўрсатиб келишяпти. Шунга қарамай ис газидан заҳарланиш каби ҳолатлар рўй бермоқда.

Энг ачинарлиси — шунча тушунтириш, огоҳлантиришларга қарамасдан турли кўнгилсиз вазиятлар содир бўлмоқда. Айниқса, катталарнинг масъулиятсизлиги ва энг оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликлари натижасида норасида болалар ва ёрдамга муҳтож қариялар ҳаётдан кўз юммоқда. Айрим жойларда бутун оила аъзолари ёруғ оламни тарк этгани ачинарли ҳолат, албатта.

«Ҳар биримиз ўзимиз ва яқинларимиз ҳаётига бефарқ бўлмасак, табиий газдан фойдаланишда қуйидагиларни эътиборга олсак, ўзимиз ва яқинларимизни бевақт ўлимдан сақлаб қоламиз», дейилади Самарқанд ВФБ мурожаатномасида.

Мурожаатномада ҳар бир киши эътибор бериши лозим бўлган йўриқномалар санаб ўтилади:

Биринчидан, ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни янгилаш ва тузатиш, резина ва полиэтилен қувурлардан фойдаланмаслик;

Иккинчидан, кўп қаватли хонадонлар газ лойиҳасини ўзгартирмаслик, газ ускуналарига ўзбошимчалик билан техник хизмат кўрсатмаслик;

Учинчидан, дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзбошимчалик билан ўзгартирмаслик;

Тўртинчидан, ёш болаларни уйда қаровсиз қолдирмаслик;

Бешинчидан, газ ускуналари ўрнатилган хоналарда ухламаслик;

Олтинчидан, газ ускуналаридан қуритиш ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;

Еттинчидан, сиқилган газ балонлардан уйни иситиш ва ошхонада овқат тайёрлашда фойдаланмаслик;