«Ўзбек тили байрами куни»ни белгилаш тўғрисида қонун лойиҳаси эълон қилинди
Ўзбекистонда “Ўзбек тили байрами куни” белгиланади. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра, 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон қабул қилди. Унда 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланиши айтилган.
Давлат раҳбари 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.
“Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”, деди президент.
Мавзуга оид
21:43 / 22.10.2024
“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
12:48 / 21.10.2024
“700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 75 фоизида таомнома ўзбек тилида эмас” – Рақобат қўмитаси
18:23 / 26.08.2024