Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли аудиоёзувдаги ҳолатларни текшириш юзасидан баёнот берди.
«Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Интернет нашрларида Тошкент шаҳар ҳокими, сенатор Ж.Артикходжаевга тегишли ҳамда ҳақорат, таҳдид мазмунидаги аудиоёзув тарқалди.
Мазкур ҳолат оммавий ахборот воситалари, блогерлар, сиёсий партиялар, энг ачинарлиси, айрим хорижий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг кескин танқидий муҳокамаларига сабаб бўлди.
Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ЖПКнинг 329-моддасига асосан терговга қадар текширув ўтказилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 14 август куни «Kun.uz» таҳририятига «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг бажарилган қурилиш ишлари учун буюртмачидан пул ундиришга оид мурожаатини ўрганиш мақсадида мазкур таҳририят мухбири Р.Исроилов ва оператори Ш.Эгамбердиевлар Олмазор туман ҳокимлигига боришган.
Туман ҳокими ўринбосари А.Вахабов давлат хизматчиси бўла туриб, тегишли одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда Р.Исроиловга тушунтириш беришдан бош тортган, улар билан қўпол муносабатда бўлган ҳамда операторнинг видеотасвирга олишига қаршилик кўрсатган.
Мазкур воқеанинг эртасига «Kun.uz» таҳририяти ушбу видеолавҳани ўз сайтида эълон қилган ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Шу куни кечқурун Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаевнинг вазиятни юмшатиш ва муросага келиш тўғрисидаги топшириғига асосан шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари Л.Сабирова, туман ҳокими ўринбосари А.Вахабовлар таҳририят вакиллари Б.Ахмедов, Р.Исроилов ва Ш.Эгамбердиевлар билан шаҳар ҳокимлиги биносида учрашишган.
Унда А.Вахабов ножўя ҳаракатларга йўл қўйганлигини тан олган ва таҳририят ходимларидан узр сўраган. Бироқ, бу ҳолат таҳририят ходимларини қониқтирмаган.
Учрашув якун топгач, мулоқот иштирокчилари бинонинг йўлагида Ж.Артикходжаевга тасодифан дуч келишади. Л.Сабирова Ж.Артикходжаевга бўлиб ўтган суҳбат ҳақида маълумот бериб, «Kun.uz» ходимлари А.Вахабовнинг узридан қаноатланмаганлигини баён қилган.
Шунда Ж.Артикходжаев улар билан мулоқотда муомала маданиятидан четга чиққан ҳолда, интернет нашрларига нисбатан ўзининг салбий муносабатини ифодалаб, гўёки уларни шармандали вазиятларга тушириш имкониятига эгалигини, лекин у бундай тарбияланмаганлиги ва буни хоҳламаслигини билдирган.















