Жамият | 17:15 / 27.11.2019
11192
3 дақиқада ўқилади

Мактаб психологларига малака тоифасига қараб маош белгиланди – Шерзод Шерматов

Бугун, 27 ноябрь куни, Халқ таълими вазирлиги биносида президентнинг 5та ташаббуси мактабларга татбиқ этилаётгани бўйича матбуот анжумани ташкил этилди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 5та ташаббусни жорий этишда мактаб психологларининг аҳамияти тўғрисида гапирди.

«Психологларнинг аҳамияти шундаки, улар ўқувчилар билан индивидуал ишлайди. Шу аснода қизиқишларини аниқлайди, танламоқчи бўлган касбига йўналтиришга ёрдам беради. Боланинг имкониятларини аниқлаб, ундан тўғри фойдаланишда бизга психологларнинг кўмаги жуда зарур.

5та ташаббус мақсадига эришиш учун ҳам психологларга етарли шароит яратиб беришимиз керак. Шунинг учун жорий йилдан бошлаб мактаб психологларига малака тоифасига қараб ойлик маош белгиланди. Психологларнинг иш ҳужжатлари 36тадан 11тага камайтирилди. Мактабларда штат бирликлари кўпайтирилди. Психолог хизмат хоналари ташкил этилди. Психологлар нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар билан ҳам стрессни бошқариш бўйича ишлашади. Қилинган амалий ҳаракатлар нимага ёрдам берди? Жиноятчилик суръатлари камайишига эришдик. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ўтган йилги 429тадан 298тага тушди», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Шунингдек, вазир «5та ташаббус мактабда» фестивали ҳақида батафсил маълумот берди.

«Бу фестивал орқали президентнинг 5та ташаббуси доирасида мактабларда қилинаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликка видеороликлар орқали ахборот берилади. Унда 9156та мактаб иштирок этмоқда. Шу кунгача 2344та видеоролик қабул қилдик.

Жорий йилнинг 20 ноябридан 1 декабригача видеороликлар фейсбук ижтимоий тармоғидаги «5 tashabbus maktabda» гуруҳига юкланади. Ижодий ишлар жамоатчилик фикрига таяниб, белгиланган мезонларга асосланиб, вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилади.

Видеороликлар 100 баллик тизимда, ҳар бир мезонга 10 баллдан баҳоланади. Ижтимоий тармоқ орқали сиз ҳам ушбу ижодий ишларга баҳо беришингизни истардик. Мақсадимиз ушбу танловнинг қамровини янада оширишдир. 5та ташаббус йўналишлари бўйича ҳар бир ҳудуддан энг яхши деб топилган 15тадан, жами 210та видеоролик ғолиб деб эълон қилинади. Бу мактаблар 5та ташаббус бўйича жиҳозланади», дейди вазир.

Шерматовнинг қўшимча қилишича, танловда иштирок этиш учун 1 декабргача фейсбукдаги «5 tashabbus maktabda» гуруҳига видео жойлаш лозим. Баҳолаш 1-10 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Совриндорларни тақдирлаш маросими 23-27 декабрь кунлари ўтказилади.

Мавзуга оид