Жамият | 15:30 / 28.11.2019
5581
4 дақиқада ўқилади

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси: 3,1 миллион туп зарарланган кўчатлар ёқиб йўқ қилинди

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида соҳа фаолиятига оид янгиликлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Берилган маълумотларга кўра, «Карантин остидаги маҳсулотлар учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришда ушбу маҳсулотлар фитосанитария ҳолатини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ушбу Низомга кўра, Ўзбекистон Республикасига хорижий мамлакат ҳудудидан карантин остидаги маҳсулот, яъни мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотлари билан хавфли зарарли организмлар кириб келиши хавфи мавжуд бўлганда хориждаги карантин остидаги маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини ўрганиш учун мутахассислар юборилади.

Маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини ўрганиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мутахассислари томонидан амалга оширилади.

Бунинг учун жисмоний ёки юридик шахслар мутахассис юборишни сўраб инспекцияга белгиланган шаклда тўлдирилган ариза билан мурожаат қилади.

Ариза 7 иш куни ичида кўриб чиқилиб, хорижий мамлакат ҳудудига мутахассис юборишга зарурат мавжудлиги ўрганилади ҳамда мурожаатчига хабар берилади.

Низомда, шунингдек, Инспекция томонидан мурожаатчининг аризаси қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкинлиги кўрсатилган:

- тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилса ёки тўлиқ маълумотлар тақдим этилмаса;

- олиб келиниши режалаштирилган маҳсулотни республикамиз ҳудудига олиб кириш учун тақиқ ўрнатилганда;

- хорижий мамлакат ҳудудида келиб чиқиши номаълум бўлган ўсимликларнинг ялпи касалликлари ва илгари қайд этилмаган тез тарқалувчи касалликлар мавжуд бўлса;

- маҳсулот олиб келиниши режалаштирилган хорижий мамлакат ҳудудида ушбу маҳсулотда тарқалган зарарли организмлар мавжудлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд бўлса.

Бугунги кунга қадар Россия Федерациясининг 13та чегара ва логистика марказларида «Яшил йўлак» орқали ўтиш тизими йўлга қўйилиши натижасида, Россияга тўғридан-тўғри экспорт ҳажми 7,5 баробарга ошган.

Инспекция томонидан 323 тонна (шундан 235 тоннаси қўл юки орқали, 88 тоннаси транспорт воситалари орқали), 10,25 миллион туп (шундан 41 минг туп қўл юки орқали, 10,21 миллион тупи транспорт воситалари орқали) ва 1317 м.куб миқдорида транспорт воситалари орқали республикамизга олиб кирилаётган ўсимлик маҳсулотларида зарарли организмлар аниқлангани сабабли чегара масканларидан қайтариб юборилди. Қайтариб юборишнинг имкони бўлмаган 3,1 миллион туп зарарланган кўчатлар эса ёқиш йўли билан тегишли тартибда йўқ қилинган.

Kun.uz мухбирининг «Сизлар бевосита мурожаат қилаётганларни текширяпсиз, аммо кўп давлатлар билан чегаралар оддий анҳорлар ёки симтўрлардан иборат. Зараркунандалар учун чегара бўлмайди. Бу муаммо қандай ечилади?» деган саволига Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбари Иброҳим Эргашев шундай жавоб берди: – Ҳар бир туманда камида 2 нафардан, айрим боғдорчилик туманларида 10 нафаргача инспекторларимиз бор. Улар дала назоратини олиб боришади. Чегара ҳудудларда 3-10 км оралиқда ички карантин назорати олиб борилади. Имкониятдан фойдаланиб боғбонларга мурожаат қилмоқчиман. Ҳозир қиш мавсуми кирганда дарахтлардаги заракунандаларга қарши кураш зарур бўлади. Зарур чоралар вақтида кўрилмаса, ҳосилдорлик 80 фоизгача, экспортбоплик бутунлай йўқотилиши мумкин. 

Мавзуга оид