Ўзбекистон | 13:53 / 29.11.2019
15904
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда репетиторларга лицензия олиш талаб этилиши мумкин

Фото: Shutterstock

Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш ишлари жадал давом этмоқда.

Ҳукумат томонидан киритилган таълим тизимига жисмоний шахсларнинг якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш – репетиторлик ҳақидаги норма ишчи гуруҳи аъзоларининг кескин танқидига сабаб бўлди. Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Бафаев ушбу норма амалдаги қонуннинг предмети бўлмагани сабабли мазкур қонун лойиҳасида қолиши мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, махсус малакага эга бўлган шахслар репетиторлик билан шуғулланиши мумкинлиги ва ушбу фаолиятни амалга ошириш учун юридик шахс мақомига эга бўлиш ҳамда лицензия олиш талаб этилмаслиги иштирокчилар томонидан танқид остига олинди.

Қонунчилик палатасининг депутати Қувондиқ Жуманиёзов мазкур қўшимчанинг киритилишига қўшилмаслик ва уни қонун лойиҳасидан чиқариш таклифини билдирди. Депутат, репетиторлик таълимнинг алоҳида кўринишими ёки йўқми, деган саволни ўртага ташлади.

К. Жуманиёзовнинг қайд этишича, бу мустақил равишда билим олишнинг алоҳида кўринишидир. Бундай таълим якунида репетиторлар диплом ёки сертификат бермайди, ўқитиш услублари Давлат таълим стандартларига мос келмайди. Мазкур масалалар ушбу қонунда тартибга солиниши керак.

Жонли тарзда кечган тортишувлардан кейин ишчи гуруҳи аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан республиканинг ҳар бир ҳудудида муҳокамалар ташкил этиш зарурлиги, интернет тармоғида ҳам жамоатчилик фикрини ўрганиш кераклиги, олим ва экспертлар хулосаларини олиш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келдилар.

Мавзуга оид