Олий таълим тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Олий таълим узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури бўлиб, олий таълим муассасаларида умумий ўрта (11-синф), узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим асосида амалга оширилади.

Олий таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

олий таълимни иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги;

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;

олий таълимни умумий ўрта, узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимлар билан узлуксизлиги ва узвийлиги;

таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

олий таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш;

олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш.

Олий таълим муассасаси олий таълимнинг таълим дастурларини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, ўзининг устави ҳамда мазкур Низом асосида фаолият юритади.

Олий таълим муассасасининг устави олий таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органи томонидан тасдиқланади ва маҳаллий ҳокимият органларида рўйхатдан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлат фуқароларига ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга олий таълим муассасасида ўқитилаётган мавжуд таълим тилини ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси олий таълимни давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда олишни таъминлайди.