Ўзбекистон | 08:01 / 03.12.2019
7869
5 дақиқада ўқилади

ЎзАнинг асосий вазифалари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

ЎзАнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш;

республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш;

жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш;

ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва улардан тизимли равишда статистик, таҳлилий ва бошқа турдаги маълумотларни олиш;

бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий
ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видео материаллар) базасини шакллантириш;

ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш;

юртимизда юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакатимиз аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, ЎзА ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг республика ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш, уларга ахборот-таҳлилий, шу жумладан, аудио ва видео ахборотлар етказиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ЎзА таркибида Медиа марказ ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар Медиа марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ахборот-таҳлилий ва мультимедиа материаллар, эшиттириш ва кўрсатувлар, воқеа жойидан онлайн репортажлар тайёрлаш, аудио ва видео материалларни қайта ишлаш, уларни ЎзАнинг веб-сайтига жойлаштириш ва оммавий ахборот воситаларига белгиланган тартибда етказиб бериш;

ахборотни қайта ишлаш ва тарқатишнинг замонавий усулларидан, жумладан, инфографика, моушн-графика, ижтимоий ролик, 360 форматидаги видео ва бошқалардан кенг фойдаланиш;

давлат органлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш.

ЎзА ҳузурида унинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш бўйича Маслаҳат кенгаши тузилмоқда.

Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ЎзА фаолияти ҳақида кенг жамоатчилик фикрини таҳлил қилган ҳолда унинг самарадорлигини янада ошириш ҳамда агентликнинг ахборот маконидаги ўрни ва ролини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ЎзА фаолиятининг ривожланиш даражасини ўрганиш, агентликка методик тавсиялар бериш, унинг ишида юзага келадиган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш;

давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режаларини белгилаш, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;

халқаро ва хорижий ахборот агентликлари, хорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик дастурларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишига кўмаклашиш ва улар ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш.

Мавзуга оид