Жаҳон | 16:16 / 11.12.2019
4748
2 дақиқада ўқилади

Avast антивирус ишлаб чиқарувчиси 2013 йилдан бери фойдаланувчилар фаоллиги тўғрисидаги маълумотларни сотмоқда - Forbes

Ондрей Влчек/Фото: Simon Dawson / Bloomberg Finance LP

Компаниянинг таъкидлашича, харидор фақат аноним маълумотни олади ва фойдаланувчилар шахсий маълумотлари хавфсиздир. 

2013 йилдан бери Чехиянинг Avast антивирус ечимларини ишлаб чиқувчи компанияси фойдаланувчиларнинг интернет фаоллиги ҳамда одатлари тўғрисида маълумотларни тўплайди ва ушбу маълумотларни учинчи томон компанияларига сотиб келади. Бу ҳақда Forbes ёзмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, Avast 400 миллионга яқин фойдаланувчига эга. Avast бош директори Ондрей Влчекнинг тушунтиришича, гап махфий маълумотларни сотиш ҳақида бораётгани йўқ.

Унинг сўзларига кўра, Avast браузер учун кенгайтмалар ёрдамида фойдаланувчиларнинг фаоллигини кузатиб боради. Компания серверларига киришдан олдин, маълумотлар умумийлаштирилади. Кейин маълумот Jumpshot компанияси томонидан таҳлил қилинади ва сотилади, уни Avast 2013 йилда харид қилган.

Мижозлар учун мавжуд бўлган маълумот - интернет фойдаланувчиларининг одатлари. Масалан, бир сайтдан иккинчисига ўтган фойдаланувчиларнинг фоизи аниқланади. Бундай маълумотлар реклама кампанияларини кузатиш учун фойдали бўлиши мумкин, деб ёзади нашр.

Jumpshot сайтида айтилишича, мутахассислар фойдаланувчилар нимани қидиргани, қайси маҳсулот ёки брендга қизиқиш билдиргани, нима сотиб олгани тўғрисида батафсил маълумот бериши мумкин. Маълумотлар мамлакатлар, тоифалар ёки доменлар бўйича тақдим этилади.

Ондрей Влчек бундай маълумотларни беморларнинг аноним маълумотларига асосланган тиббий тадқиқотлар натижалари билан таққослайди. Унинг таъкидлашича, Avast реклама берувчилар ҳамда бошқа компанияларга таргетинг учун шахсий маълумотларга кириш имконини бермайди.

Avast раҳбарининг сўзларига кўра, интернетдаги одатлар ҳақида маълумот сотиш умумий даромаднинг 5 фоизини ташкил этади. Forbes’нинг билдиришича, 2019 йил дастлабки олти ойида компания даромади 430 миллион долларни ташкил этди. 

Мавзуга оид