Ўзбекистон | 11:27 / 11.12.2019
6173
2 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси Тошкентда «ақлли жамоат транспорти»ни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Хитой Халқ Республикасининг Leon technology Co. Ltd. компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар қилмоқда.

Учрашувда ахборот коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди. Хорижий томон қатор йўналишларни қамраб олган Smart city лойиҳасини тақдим қилди. Ҳамкорликнинг илк босқичида аниқ бир йўналишида иш бошлаш муҳимлигига эътибор қаратиб, жамоат транспорти ва бекатларга мўлжалланган инновацион таклифларни айтиб ўтди. Хитой Халқ Республикасининг “Ақлли жамоат транспорти” лойиҳаси тўловларни тўлаш, бепул интернетдан фойдаланиш, транспорт йўналиши ва манзилга энг мақбул йўналиш ҳақида маълумот олиш имкониятини берувчи бир неча таркибий қисмлардан иборат. Шунингдек, улар йўл ёритгичларидан тарқалувчи Wi-Fi ҳудудларни ташкил қилиш масаласига эътибор қаратдилар.

Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул шахси пойтахтда “Ақлли ва хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада илғор давлатлар ва шаҳарларнинг тажрибаси ўрганилаётгани, таклифлари кўриб чиқилаётганлигини айтиб ўтди. Хитой мутахассислари билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига АКТни жорий қилишга қаратилган пилот лойиҳани амалга ошириш борасида бир қатор фикрларни билдирди, бу орқали икки томоннинг ҳам шароит, имконият ва таклифларини кўриб чиқиш мумкинлигини таъкидлади. 

Leon Technology Co. Ltd. компаниясининг жамоат транспорти фаолиятига қаратилган илғор ишланмалари ҳам шаҳар учун аҳамиятли эканлигини эътироф этиб, бу йўналишдаги ҳамкорлик масаласи атрофлича кўриб чиқилишини билдирди.

Мавзуга оид