13:45 / 14.12.2019
0
12988

Русланбек Давлетов: «Судларнинг иш юкламаларини камайтириш керак»

Фото: KUN.UZ

Судларнинг иш юкламаларини камайтиришда медиация институти энг мақбул йўллардан бири. Адлия вазири Русланбек Давлетов Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторнинг нотариус ходимларига медиаторлик вазифасини бажариш ваколати берилишини амалга ошириш механизми тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

“Медиация бугунги кунда ривожлантириш керак бўлган соҳа. Судларда жуда катта иш юкламаси мавжуд. Бир ойда битта фуқаролик судьяси ҳозир камида 120та иш кўриб чиқяпти. Бу ҳаддан зиёд рақам. Иқтисод суди судьялари ҳам худди шундай - 110тадан кам бўлмаган ишларни кўриб чиқяпти. Демак, биз судларнинг иш юкламаларини камайтиришимиз керак. Медиация институти энг яхши мақбул йўллардан бири.

Бугунги кунда қонун қабул қилинган ва кучга кирган. Нотариатга келадиган бўлсак, нотариусчилар олий юридик маълумот, уч йил стажга эга бўлган, жуда катта имтиҳонлардан ўтган шахс ҳисобланади. Мансабдор шахс бўлганидан кейин тегишли кўникмалари шаклланган бўлади.

Мулк, мерос масалалари бўйича бўладиган низоларнинг олдини олиш бўйича катта тажрибаси бор.  Шунинг учун бу жараёнда иштирок этиши шарт, бундан фойдаланишимиз керак. Шу мақсадда бу норма киритиляпти”, - деди адлия вазири.

Адлия вазири медиаторлик институтининг механизмига ҳам тўхталиб ўтди. 

“Медиациянинг ўзига яраша тартиблари бор. Иккита томонни яраштириш нуқтаи-назаридан ҳаракатларни амалга оширади ва келишувга эришиб, медиатив келишув иккита томонидан имзоланганидан кейин уни нотариал тартибда тасдиқлаб беради. У иккита томон учун мажбурий характерга эга бўлади.

Бу институт нафақат нотариуслар, балки адвокатларга ҳам берилди”, - дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенаторлар нотариат тизими такомиллаштирилиши билан боғлиқ Қонунни маъқуллашди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top