Жамият | 15:26 / 16.12.2019
3403
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш тизимидаги маълумотлар электронлаштирилмаган – Давлат хизматлари агентлиги раҳбари

Айрим жойларга ишга киришда талаб этиладиган психоневрологик, наркология ва тери-таносил диспансерлари томонидан бериладиган маълумотларни давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиш масаласи Давлат хизматлари агентлиги томонидан бир йил олдин кўтарилган. Бироқ агентлик директори Халилилло Тўрахўжаевнинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу тизимда интеграция етарлича амалга оширилмагани сабабли ҳалигача бу масалага ечим топилмаган.

«Бу масалани аллақачон кўтарганмиз. Бунгаям бир йилча бўлди. ССВ томонидан диспансерларнинг интеграцияси амалга оширилмагани сабабли ишлар тўхтаб қолган. Ҳалигача бу борада электрон база шакллантирилмаган. Республикамиздаги давлат идоралари билан боғлиқ энг катта муаммо бу – электрон базанинг шаклланмаганидир. Психоневрологик, наркология ва тери-таносил диспансерлари томонидан бериладиган маълумотларни давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиш йўлга қўйилса, халқимизга жуда катта ёрдам бўларди. Ҳозирча бу бўйича ишлаяпмиз. Менимча, 2020 йилнинг март ойларида буни ишга туширамиз», дея Халилилло Тўрахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев бу масала атрофлича ўрганиб, таҳлил қилинганини таъкидлади. Унинг айтишича, диспансерлар томонидан ҳисобга олиш тартиби ҳалигача қоғоз кўринишида бўлиб, маълумотлар базаси тўлиқ электронлаштирилмагунча, барча маълумотлар электрон рақамлаштирилмагунча, ушбу хизматни давлат хизматлари марказига ўтказиб бўлмайди.

«Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан иш кетяпти. Президентнинг тегишли 4193-сонли қарори чиқди. Қарорда жуда кўп масалалар, жумладан, диспансерларда ҳисобда турадиганлар ҳақидаги маълумотларни электрон кўринишга ўтказиш кўрсатиб ўтилган ва бунинг учун икки йил муддат берилган. Қоғозлардаги маълумотлар электрон кўринишга ўтказилгандан кейин мазкур маълумотларни бериш давлат хизматлари марказлари ўтказилади», дейди Нўъмон Муҳаммадиев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2019 йил 15 февралдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги 4193-сонли қарорида соғлиқ ҳолати тўғрисида маълумотнома тақдим қилиш заруриятини бекор қилиш, соғлиқ электрон карталарини юритиш бўйича ахборот тизимини яратиш ва жорий қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида иштирок этадиган тиббиёт муассасаларининг барча объектларини замонавий компьютер техникаси ва бошқа техник воситалар (қурилмалар) билан жиҳозлаш, шунингдек оптик толали алоқа каналларига улашни таъминлаш, соғлиқ ҳолати (шу билан бирга диспансерларда рўйхатда турганлиги) ҳақидаги маълумот берувчи веб-сервис ишлаб чиқиш ва идоралараро маълумот алмашинуви платформасига улаш, давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ахборот ва маълумотларнинг электрон базаларини шакллантириш ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятини тақдим қилиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид