Ҳиндистон парламенти Покистон, Бангладеш ва Афғонистондан келган диний озчилик вакилларига фуқаролик бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Мазкур ҳужжат мусулмонларга нисбатан татбиқ этилмайди. Мамлакатда бунинг ортидан тартибсизликлар ва оммавий намойишлар бошланди. Намойишчилар автомобиль ва темир йўлларни тўсиб қўйишди, транспортларга тошлар улоқтиришди, дўконларни талашди. Ушбу ҳужжат нима учун норозиликларга сабаб бўлмоқда?
Қонун лойиҳаси кимларга нисбатан амал қилади?
У биринчи навбатда 2015 йилдан аввал Ҳиндистонга келиб яшаётган Покистон, Бангладеш ва афғонистонлик ноқонуний муҳожирларга дахлдор.
Мамлакатдаги олти диний гуруҳ вакиллари — буддавийлар, христианлар, индуистлар, жайнлар, парслар ва сикхлар Ҳиндистон фуқаролигини олишлари мумкин. Шу билан бирга бу қонун мусулмонлар ҳамда Непал ва Шри-Ланка фуқароларига нисбатан қўлланилмайди.
Ҳукуматдагилар янги қонуннинг қабул қилинишини диний озчилик вакилларини мусулмон аҳолиси кўп мамлакатларда таъқиб қилинишидан ҳимоялаш деб изоҳлашмоқда.
Қонун лойиҳаси тарафдорлари ва унга қаршилар нима демоқда?
Ҳиндистондаги мусулмонлар мазкур ҳужжат қабул қилинишидан норози, улар мамлакатнинг дунёвий тамойиллари, энг асосийси, унинг конституцияси бузилаётганини таъкидламоқда. Ҳиндистон асосий қонунида ўз фуқароларига нисбатан диний ажратишга йўл қўйиш тақиқланган ва қонун олдида барча шахсларнинг тенглиги кафолатланган.
Танқидчиларнинг фикрича, бу қонун лойиҳаси ростдан ҳам таъқиблардан ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, у ҳолда унга ўз мамлакатларида таъқибга учраган мусулмон озчилик – масалан, Покистондаги аҳмадийлар ва Мьянмадаги рохинжаларни ҳам киритиш лозим эди.
"Бхаратия жаната парти" партияси етакчиси Рам Мадхав эса ноқонуний муҳожирлар ҳеч қайси давлатга керак эмаслигини айтиб ҳужжатни ҳимоя қилиб чиқди.
Кимлар Ҳиндистондан чиқариб юборилиши мумкин?
Фуқаролик тўғрисидаги қонунга киритилган тузатишлар август охирида эълон қилинган миллий фуқаролик реестри билан узвий боғлиқ. Уни ноқонуний миграция муаммоларидан хавотирланаётган Ассам штати ҳукумати тузган.
Гап 1971 йил 24 мартгача – қўшни Бангладеш мустақиллиги тан олингунига қадар Ҳиндистонда яшаб келганини исботлай олувчи шахслар рўйхати ҳақида бормоқда.

















