Ўзбекистон | 13:18 / 25.12.2019
35065
2 дақиқада ўқилади

Парламент депутатлигига қайта сайлов ўтказиладиган округлар сони ошди

Бугун, 25 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш масалалари бўйича қўшимча маълумотлар берилди.

Маълум қилинишича, дастлабки натижалар эълон қилинганидан кейинги ўрганишлар натижасида 3та сайлов округида иккинчи тур ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинган, бу округлардан иккитаси Фарғона (102-Яйпан ва 106-Бағдод сайлов округлари), биттаси Самарқанд (67-Пастдарғом сайлов округи) вилоятидаги округлардир.

Kun.uz мухбири аниқлик киритишича, бу округларда сайлов натижаларини ҳисоблаш жараёнида арифметик хатоликка йўл қўйилгани аниқланди.

Биринчи турдаги овоз бериш натижалари қабул қилинмагани туфайли учта партия ЎзЛиДеП, «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари ҳозирча биттадан овоз йўқотган.

1. ЎзЛиДеП - 42 (-1) (34 фоиз)
2. «Миллий тикланиш» - 34 (-1) (27 фоиз)
3. «Адолат» СДП - 20 (-1) (16 фоиз)
4. Халқ демократик партияси - 18 (14 фоиз)
5. Экология партияси - 11 (9 фоиз)

МСК овозларни ҳисоблашда хатоликка йўл қўйилган округлар бўйича батафсил маълумот берди:

Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган, деб ҳисобланади.

Сайлов кодексининг 59-моддасига кўра, агар Қонунчилик палатаси сайловида сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири сайланмаса, энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 23 декабрь куни МСК парламент сайловларининг натижаларини эълон қилгач, республика бўйича 22та округда номзодларнинг бирортаси 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмагани туфайли бу округларда 2 ҳафтадан кейин (2020 йил 5 январь куни) такрорий овоз бериш жараёни ўтказилишини маълум қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид