Шифокорларнинг пора олишини яшириш – ойни этак билан ёпишдек гап. Уларнинг нима учун пора олиши, ўзи бемор берганини пора деб аташ мумкинми-йўқми — бу энди алоҳида масала.
Шифокорларнинг пора олишидан ёзғирамиз, хафа бўламиз. Шубҳасиз, бемор оғир вазиятда турганидан тамагирлик қилишни оқлаб бўлмайди.
Лекин келинг, бошқа бир жиҳатга эътибор қаратайлик: бизнинг назаримизда ҳаммаси порахўр кўринадиган шифокорларнинг аслида нари борса 10-20 фоизи «соққа қилса бўладиган» дея баҳоланадиган жойларда ишлашади. Булар – йирик шаҳарлар марказий шифохоналаридаги етакчи мутахассислар, тор соҳа вакиллари (кардиолог, гинеколог ёки жарроҳ кабилар)дир. Лекин улар бу даражага етгунларича кўп нарсадан воз кечганлари, илм деб тер тўкканлари, тунларни тонгга улаганларини унутмаслик керак. Бошқаларни камситмаган ҳолда уларни шартли равишда юқори тоифа деб оламиз. Айнан шу юқори тоифа тиббиётни сақлаб туради аслида.
Энди тиббиётнинг мутлақ кўпчилик вакиллари — қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, умумий амалиёт врачлари, поликлиникаларда қоғоз тўлдириш билан умри ўтаётган мутахассислар, тунлари навбатчилик қилибгина шифокор номини сақлаб юрганлар — ишонинг, тирикчиликка етар-етмас маошга сабр қилиб яшаб юришибди ёки ўз ғурурларини нари суриб, қўшимча ишлар билан шуғулланишяпти.
Ўртача шифокор ўртача ойлик маош олади — бу тахминан 2 миллион сўм дегани. Энди бу пулга қандай тирикчилик қилиш мумкинлиги тўғрисида ёзиб, бошингизни қотиришга ҳожат йўқ. Лекин шугина маошнинг ҳам осмон қадар жавобгарлиги бор — бемор учун сиз шифокорсиз, ойликни оляпсизми, давлат сизни ўқитганми, вазифангизни бажаришингиз шарт! Балки сиз контракт тўлаб, ўз пулингизга ўқигандирсиз, маошингиз тирикчиликка етмас, лекин бунинг кимга қизиғи бор?
Қишлоқдаги шифокорнинг ҳолига бир қаранг — мол ҳам боқади, деҳқончилик ҳам қилади, керак бўлса пахса ҳам уради. Ахир у ҳам не умидлар билан 7-8 йил суягу-ўлик титкилаб ўқиган. Шу қишлоғимга фойдам тегсин деб қайтиб келган. Қишлоқда одам йўталса ҳам унга қараб чопади. Яхшиям халқимиз инсон қадрини билади, хизматини қуруқ қўймайди. Укол қилди дея иккита нон қистириб жўнатади. Лекин охирги пайтларда мана шу берганини миннат қилганларнинг бир тоифаси пайдо бўлаётирки, бу ҳақда қуйида алоҳида тўхталмасак бўлмас.
Ёки поликлиникадаги дўхтирни олайлик. Эшигининг олди ҳамиша гавжум, лекин тузалса тузалиб кетақолмайдиган беморларнинг дафтарлари бир хирмон. Ҳар ташрифга саҳифа-саҳифа тўлдириб ташланади. Бу ерда энди нон бериш урф эмас — сахийроқлар беш-ўн минг сўм ташлаб кетишади. Шифокор шунга ҳам хурсанд, иқтисодий жиҳатдан қараганда шундай тушумларга ҳам шукр қилиб, кўча тозалаш, бинони таъмирлаш, обуна, ишидан ташқари уйма-уй юриб ҳамманинг ҳолидан мажбурий хабар олишларни ҳам ичига ютиб бажаради.

















