8 январь куни Таиландда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бошланади. Любинко Друлович мураббийлигидаги Ўзбекистон U23 жамоаси мусобақани 9 январь куни Эронга қарши ўйин билан мусобақани бошлайди. Гуруҳдан чиқиш учун Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинлар ҳам бор. Мусобақага амалдаги ғолиб сифатида бораётган Ўзбекистон яна чемпионликни ва бу гал асосий мақсад бўлган олимпиада йўлланмасини қўлга кирита оладими?

Очиғини айтиш керак, 2018 йилги Равшан Ҳайдаров бошқарган жамоадан яхши натижа кутилгани рост, лекин уларни чемпион бўлиб келади деб ўйлаганлар кўп эмасди. Бир томондан таркибда Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков, Жавоҳир Сиддиқов, Азиз Ғаниев, Рустам Ашурматов, Акром Комилов каби йигитлар бор, бошқа томондан жанубий-шарқий Осиёда бу ёшдаги футболчилар аллақачон Европада ўйнай бошлашади.

Айниқса, биринчи турда Феликс Санчес бошқарувидаги Қатар (эсингизда бўлса, кейинчалик Санчес ўша жамоасидаги кўплаб футболчилар билан Осиё Кубогида ғолиб бўлди) бизнинг йигитларни мағлуб этгач, Равшан Ҳайдаров жамоасининг имкониятлари кескин пасайиб кетганди. Аммо кейинги ўйинларда ирода кўрсатган футболчиларимиз бош соврин билан ортга қайтишди.

Биз юқорида номларини санаган Ҳамробеков, Ҳамдамов, Сиддиқов ва Ғаниев каби футболчилар айнан ўша мусобақада ўйиндан-ўйинга катта футболчига айланиб боришганди. Улар ўз қаршиларидан чиққан Япония ва Жанубий Корея каби қитъа футболи етакчиларини мағлуб этишди. Финалда жамоанинг янги қирраси очилиб супер ирода кўрсатилди. Бонусига футболимиз Андрей Сидоров исмли қутқарувчини кашф қилди. Ҳозирги жамоа ниманинг эвазига чемпион бўлиши мумкин?

Остонсиз таркиб

Агар сиз ўзбек футболи деганда миллий жамоанинг йил давомида ўтказган бир нечта ўйинини тушунсангиз, Таиландга борадиган жамоани танимаслигингиз табиий, аммо ички чемпионат ўйинларини кузатиб юрган бўлсангиз, бу жамоанинг кучига тўғри баҳо бера оласиз. Келинг, таркибнинг нақадар кучли эканини чизиқлар бўйича кўриб чиқамиз.

Мураббийлар катта эҳтимол билан асосий дарвозабон сифатида «Насаф» посбони Абдувоҳид Неъматовни танласа керак. Маълумот учун, Абдувоҳид чемпионатда йил рамзий жамоасига киритилди.

Марказий ҳимоячи Ислом Қобилов ҳам охирги вақтларда тез-тез тилга олиняпти. «Бунёдкор»даги ишончли ҳаракатлари билан миллий жамоага ҳам номзодлар қаторига кирган бу футболчи U23 жамоаси сардори. У нафақат ҳимояни, балки бутун жамоани яхши бошқара олишини ўйинларда кўрганмиз.